Журналистлар йилни қандай ўтказди?
Ҳосил мўл бўлса ҳам, хирмон оз бўлса ҳам муҳокамага сабаб топилади. Ютуқлар, камчиликлар ўрганилади. Суриштирилади. Тантана бўлса ҳам, уруш бўлса ҳам кимдир оммага тўғри маълумотни етказиши керак.
Бугун бундай юксак вазифани ОАВ вакиллари ўз бўйниларига олган. ЎзА мухбири жорий йилда ОАВнинг турли соҳаларида фидойилик билан ишлаган фаол журналистларнинг айримларидан йил сарҳисоби, ортда қолаётган йил ҳақидаги хотираларини ёзиб олди.
Хосият Рустамова, “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири:
– Йил яхши ўтяпти. Мақтанишга арзийдиган китоблар ўқидим. Шоир ва ёзувчи дўстларим сони кўпайди. Хорижда бешта, ўзимизда иккита китобим чоп этилди. Китобларим яна кўплаб тилларга таржима бўлди ва бўлаётганлари ҳақида эшитиб турибман. Менимча, йил анча самарали бўлди.
2021 йилнинг тугаётгани ҳақида ўйлагим келмаяпти, чунки тугамаган ишларим кўп, ҳали давом этаётган орзуларим бор.
Бу йил мен АҚШнинг Айова штатида ўқиб қайтдим. Айова орзу ҳам қилиб бўлмайдиган орзум эди. Унда ўқишнинг шундай шартлари борки, уни қилишдан кўра, орзу қилмай қўя қоласиз! Хуллас, Айова университетининг Халқаро ёзувчилар тайёрлаш дастурида ўқиб, кўп нарсага эга бўлдим.
Сиёсатга аралашмайман. Шунинг учун ижодимда сокинлик, самимийлик бўлса керак. Ҳар нарсага аралашишни ёқтирмайман. Амалга ошмайдиган нарсалар ҳақида фикрлашдан кўра, ўзим билан ишлаш яхшироқ. Улгуролмаяпман, шундоқ ҳам вақт тезда ўтиб кетяпти. Очиғи жуда шошяпмиз. Шошяпман…
Назокат Абдуқундузова, Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
– 2020 йилнинг айни шу кунлари ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза тадқиқотларини Ўзбекистонда ўтказилишини эълон қилиб юрган кезларимиз эди. “Нима учун Хитой вакцинаси?”, “Бундай вакцина билан ўзларинг эмланинглар!”, “Ўзбеклар тажриба қуёними?!” деган таънаю дашномлар остида қолиб кетгандик. Рекомбинант оқсил вакцинасининг бошқа вакциналарга нисбатан зарарсизлиги, у икки фаза синовлардан ўтгани, бутун дунёда шундай тадқиқотлар олиб борилиши ҳақида ташвиқот ишлари билан шуғулландик.
Натижада 7 минг нафар кўнгилли иштирокидаги тадқиқотлар муваффақиятли якунланиб, 2021 йилнинг март ойида вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди. Оммавий вакцинация бошлангандан кейин яна босим кучайди, ёзги пандемия хуружига айнан эмлаш жараёнларини фаоллаштириш орқали барҳам берилди ва буни халқимиз тушунди. Ҳозирда Ўзбекистоннинг 90 фоиз аҳолиси айнан Ўзбекистон-Хитой ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланганини, юртимиз вакцина мустақиллигига эга бўлганини, ўзимизда вакцинани ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини ғурур билан айтишимиз мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг иродаси, олимларимизнинг изланишлари туфайли минглаб одамларнинг жони омон қолди, касаллик туфайли юзага келадиган кўплаб патологик ҳолатларнинг олди олинди. Соғлик – энг буюк саодат, шундай экан жорий йилдаги энг катта ютуқларимиздан бири бу тиббиёт, биотехнологиялар соҳасидаги олимларимизнинг изланишлари, тадқиқотлари туфайли коронавирусни енгиш йўлида муваффақият қозонаётганимиздир.
Яна бир катта воқеалардан бири бу “Бўлажак олим” танловининг ўтказилишидир, назаримда. Юртимизда илм-фанга эътибор ижобий томонга ўзгарганини ҳамма билиб, кўриб турибди, олимлар учун илмий ишлар учун грантлар ажратилмоқда, уларнинг ишланмалари тижоратлаштириляпти, ҳудудларда фаолият юритаётган илмий жамоаларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу ўринда ёшларнинг илм-фанга қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш дастури Янги Ўзбекистон учун илмий кадрлар етишишига хизмат қиларкан, “Бўлажак олим” танловининг аҳамияти беқиёс. Май ойида эълон қилинган танлов якунларига кўра умумий қиймати 11,6 миллиард сўмга тенг бўлган 25 та стартап лойиҳа ҳамда 48 та илмий ғоя молиялаштирилди.
2022 йилда ҳам бу танлов давом этади. Ёшларимиз мана шу ва бошқа танловларда янада фаолроқ иштирок этишларини кутиб қоламиз. 2021 йилда Инновацион ҳудудий бошқармалар ташкил этилди. Энди ҳудудлардаги олимлар, кашфиётчилар, инноваторлар ўз ғояларини амалга ошириш учун пойтахтдаги мутахассисларга мурожаат қилишлари шарт эмас.
Уларни жойларда эшитадиган, амалий ёрдам берадиган масъуллар бор. Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексида 7 поғона кўтарилгани, докторантурага қабул квоталарининг ошгани ҳам эътиборга лойиқ воқеалардан бўлди.
Яқиндагина Президентимиздан табрик олдим. Янги йил билан 18 ёшгача ногирон фарзанд тарбия қилаётган оналарга табрик ва пуллик совға берилган экан, мен ҳам шулар қаторида бўлганим боис бу ажойиб табрикдан кўнглим кўтарилди. Совғани эса ёздаги навбатдаги оилавий саёҳатимиз учун йиғилаётган пулга қўшиб қўйдим. Мени Президент табригига насиб қилдирган кенжа ўғлимнинг столига харита ёйилган, кунига глобусни айлантириб, ҳар ёз қаерга боришимизнинг режасини тузади. Гап шундаки, 2021 йилда биринчи марта оилавий хорижга саёҳатга чиқдик. Иш билан бориш бошқа, оила даврасида дам олишнинг гашти ўзгача бўларкан. Оилавий хурсандчиликларимиздан яна бири – тўнғич ўғлим диплом ишини топшириб, “Ревизор” спектаклида бош роль — ҳоким ролини маромига етказиб ижро этганидир.
Бу йилги мен учун муҳим воқеа – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганим. Келгуси йил айнан шу уюшма аъзоси сифатидаги фаолиятимга кўпроқ аҳамият беришим керак.
Феруз Муҳаммад, ютубдаги “Intervyu TV” канали лойиҳаси асосчиси:
– 2021 йилда эсда қоладиган воқеа биринчи маротаба оилам ва фарзандим билан сайловга қатнашдик. Сиёсий жараёнларда оилам билан иштирок этиш ҳам кишини руҳлантирар экан.
Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ютубдаги “Intervyu TV” loyihamiz ютуб тармоқларида фаол канал сифатида эътироф этилиб, “Йил канали” дея топилди. Бу мени ғоя муаллифи ва ташкилотчи сифатида мамнун этди.
Ортда қолаётган йилда ва шу пайтгача мени қўвонтирадиган нарса ёқтирган машғулотим билан шуғулланаётганимдир. Ўзи жуда таваккалчи ва мослашувчанман. Улкан режалар қўядиган одам эмасман. Бугун режа қилганимни бугуннинг ўзида бажаришга ҳаракат қиламан. Ортда қолаётган йилда, деярли барча режалаштирган ишларимни бажардим, деб ўйлайман. Амалга оширган ва оширолмаган ниятларим ҳам йўқ эмас, албатта. Уларни ҳам тўла тўкис адо этишга Яратгандан куч сўрайман. Яхши интервьюлар қилиш ниятимиз бор.
Каналимиз обуначилари бир миллиондан ошди. Канални энди очган вақтимизда дунё миқёсида ҳам ўша пайтда 1 миллион обуначиси бўлган каналлар жуда кўп эди. Ўзбекистонда бу нарса имконсиздек туюлганди. Ортда қолган йил ҳаётим мобайнида илк катта лойиҳамнинг илк ютуқлари амалга ошган йил сифатида ҳам муҳрланади.
Отабек Исроилов, ЎзЖОКУ талабаси:
– Умримизнинг ўтиб бораётган ҳар лаҳзаси, ҳар дақиқаси қадрли, қадрдон бўлиши керак, деб биламан. Биздан сония сайин олислаб, тарихнинг бир саҳифасига айланаётган 2021 йил яхши-ёмон, қувончли ва ўксик ҳодисалар билан ўтдию, кетяпти. Агар ўнг кўз билан сер солсак, ўтган йилимиздан рози бўламиз. Аслини олганда, рози бўлиш учун лойиқ яшадик, чамамда.
Ҳозир жамоатчилик газеталар керакми ё йўқ, деган саволга жавоб ахтариб, қизғин баҳсга кирган палла. Ахир, обуна мавсумида! Ўтган йили обуна тарғиботидаги сустлигимиз ё паришонхотирлигимиз боисми, эҳтимол, газетамиз муассисининг айби биланми, қарийб бир ой газета чиқмади. 2021 йил ҳисобидан “Машъал” газетасининг 1-сони 29 январда босмадан чиқди. Аммо муштарийларимиздан қарз қолмади – йил мобайнида 52 та сонни ҳам тақдим этдик ва байрам арафасида шу йил ҳисобидан сўнгги сонимиз машъалхонлар хонадонига етиб боряпти. Бу йил ташвиқотга қаттиқ киришдик. Насиб бўлса, янги йилда муштарийларни бир ой кутдирмаймиз.
Очиғи, бемор учун ҳапдори ичиш қанчалар мажбурий бўлса, маърифати оқсоқ, савияси саёз миллат учун газета ва журнал, китоб ўқиш, умуман олганда, мутолаа шунчалар мажбурийдир. Инчунин, дард билан узоқ йўл босиб бўлмайди. Бизнинг олдимизда эса янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Уйғонишга пойдевор яратишдек тарихий вазифа турибди. Қувонарлиси, газета-журнал керак эмас, дея бонг урилаётган бир вақтда мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ва кутубхоналарга “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур” каби журналлар беминнат етказила бошланди.
Ўзим ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилик қилаётган Ўрта Чирчиқ туманидаги 40-мактаб ўқувчилари, айниқса, “Тафаккур” ва “Шарқ юлдузи”ни севиб ўқияптилар. Болаларни маърифатдан бебаҳра қолдириб, Юсуфбек ҳожи таъбири билан айтилса, Тангри таолонинг қаҳрига мустаҳиқ бўлиб қолмайлик!
Янги йил учун вазифа – ҳар бир мактабга “Ғунча”, “Гулхан” ва “Ёшлик” журналларининг узлуксиз етиб боришини таъминлаш. Зотан, бўлар эканку! Мактабга газета, журнал керак эканку!
Матбуотнинг ҳар қандай ютуғини муваффақиятим сифатида баҳолайман ва билъакс. Матбуотсизлик, матбуотсиз жамият тараққиётдан маҳрумдир. Шунинг учун ҳам эркин матбуот бизга керак. Матбуотимиз сарҳадларида янги тонглар отаётган экан, янги йилдан умидим ҳам катта.
Бу йилни сарҳисоб қилиш мобайнида юзда мамнун табассум балқиши табиий. Айниқса, республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинаридаги иштироким, турли танлову фестиваллардаги ютуқлардан ота-онам, яқинларимнинг қувончи чексиз. Янги йил ҳам янгию яхши хабарлар билан бизни хушнуд этишига ишонаман.
Дарвоқе, яна розилик ҳақли. Аслида, она Ўзбекистонда дунёга келганимизнинг ўзи бир иноят. Ғанимат бўлган умримизнинг, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзаси гўзал. Гўзаллик истасак, гўзал ахтарсак, олам ҳам гўзаллашиб бораверади.
Мен 2021 йилдан розиман! Йилимиз ҳам мендан рози бўлсин!
ЎзА мухбири Дилобар Маматова
ёзиб олди