Журналистлар уюшмасидан кутубхоналарга туҳфа
Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказида давлат ижтимоий буюртмаси асосида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда самарқандлик журналистлар, шоир ва ёзувчилар, вилоятдаги ахборот-кутубхона марказлари масъуллари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда ёш китобхонлар иштирок этди.
[gallery-20611]
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича давлат ижтимоий буюртмалари танловида ғолиб бўлиб, давлат грантини қўлга киритган эдик, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. – Грант маблағлари ҳисобидан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини нашрга тайёрлаш, чоп этиш, аудио шаклларини яратиш ҳамда уларни юртимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларига беғараз тақдим этиш кўзда тутилган. Жорий йил мобайнида нашр қилиниши режалаштирилган адабиётлар рўйхати Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлангач, “Китобхон болалар” рукни остида “Шалола”, “Оқ қовуннинг боласи”, “Учар ҳаммом”, “Сеҳргарнинг узуги”, “Болаликнинг қўлидан тутиб” номли, “Дунё даҳолари” туркумида “Стив Жобс – компьютерга жон берган одам”, “Муҳаммад Али – барча даврларнинг буюк боксчиси”, “Леонардо да Винчи – замонасидан илгарилаб кетган ақл соҳиби”, “Моцарт – мусиқа даҳоси”, “Альберт Эйнштейн – серқирра даҳо” номли китоблар чоп этилди. Бу китобларнинг ҳар бири 1000 нусхадан нашр этилган бўлиб, юртимизнинг барча ҳудудларидаги ахборот-кутубхона марказларига бепул тақдим этилмоқда.
Тақдимотда Самарқанд вилоятидаги ахборот-кутубхона марказлари ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар кутубхоналарининг ҳар бирига 20 донадан, жами 720 та китоб совға қилинди.
– Китобларнинг болалар ва ўсмирларнинг ёши, руҳи ва уларнинг қизиқишлари ҳисобга олиб танлангани кўриниб турибди, – дейди Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Зебинисо Шодиева. – Шу билан бирга уларнинг дизайни ва сифатига алоҳида эътибор қаратилгани, ёрқин ранглардан фойдаланилгани болаларнинг бу китобларга қизиқишини оширади. Биз уюшманинг бу эзгу ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва келгуси туркумларда улуғ алломаларимиз ҳақида ҳам шундай китоблар нашр этилишини кутиб қоламиз.
Тадбир давомида, шунингдек, ахборот-кутубхона марказларига Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан нашр этилган “Самарқанд – ер юзининг сайқали” китоб-альбоми ҳам тақдим этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири