Журналистлар уюшмаси кутубхоналарга китоблар совға қилди
Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда унинг вилоят бўлими томонидан “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда журналист, шоир ва ёзувчилар, вилоят, туман-шаҳар ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг кубтубхона ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёш китобхонлар иштирок этди.
Тадбир давомида кейинги 6-7 йил давомида мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгилангани ҳам бежиз эмаслиги таъкидланди.
Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш эзгу ташаббусини рўёбга чиқариш йўлида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
[gallery-20482]
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “2023 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш учун танлов”да Уюшма “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ғолибликни қўлга киритгач, бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришга қўшимча моддий имконият яратилди.
Жумладан, мазкур лойиҳа доирасида болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган ўн номдаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини нашрга тайёрлаш, чоп этиш, аудио шаклларини яратиш ҳамда уларни давлат буюртмачиси билан келишган ҳолда ахборот-кутубхона муассасаларига беғараз тақдим этиш белгиланган эди.
Жорий йил мобайнида нашр қилиниши режалаштирилган адабиётлар рўйхати Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилган ҳолда нашриётлар билан шартнома тузилиб, ушбу китоблар чоп этилди ва бугун улар ёш китобхонлар ҳукмига ҳавола этилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ана шу китоблар жамламалари Жиззах вилоят, шаҳар, туман ахборот- кутубхона марказлари ва вилоят болалар кутубхоналарига беғараз тақдим этилди.
Шунингдек, Уюшма ахборот хизмати ходимлари томонидан юқоридаги ўнта китобнинг аудио варианти ҳам тайёрланаётгани ва улар ҳам яқин кунларда ушбу китоблар аудио вариантлари билан бирга мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларига бепул тақдим этилиши таъкидланди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Журналист уюшмасига аъзо бўлган бир қатор жиззахлик журналистларга гувоҳномалар топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари