Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида Тошкент вилоятида 2020-2021 йиллар давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича тақдимот тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда ахборот ҳуружларидан ёшларни ҳимоя қилиш, уларни бирлаштириш, ташаббус ва мурожаатлари билан онлайн тарзда ишлаш бўйича янги тажриба ҳақида журналист ва блогерларга атрофлича маълумот берилди.
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Жумладан, Тошкент вилояти аҳолисининг 53,2 фоизи ҳам 30 ёшгача бўлганлар ёшлардир. Ташкил этилган “Ёшлар кундалиги” махсус саҳифалар медиа-лойиҳасининг асосий вазифаси ижтимоий тармоқлар орқали ҳудуд ёшлари мурожаатлари билан ишлаш, жисмоний ва интеллектуал салоҳиятларини юзага чиқаришга кўмаклашади. Уларга вилоят ва республикамиз миқёсидаги расмий ахборотларни тезкор ва ўзига хос услубда етказади.
Таъкидлаш жоизки, “Ёшлар кундалиги” лойиҳаси доирасида ёшлар билан тизимли ва самарали ишлаш учун махсус телеграм бот ишга туширилиб, вилоят ёшлари билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Шу пайтгача унга мингга яқин мурожаатлар келиб тушган.
Тадбирда лойиҳа муаллифлари, журналистлар, мутахассислар ва блогерлар томонидан мазкур лойиҳанинг аҳамияти, амалга ошириш механизмлари бўйича фикр алмашилди.
– Ҳозир 5 йўналишда фаолиятимизни олиб боряпмиз, – дейди “Ёшлар кундалиги” штаби аъзоси Отабек Мирзаев. – Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш орқали ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, масъул ташкилотларга юборилади. “Ёш журналистлар” ўқув курсларини ташкил этиб, ҳудудлардаги мобил мухбирлар гуруҳини шакллантириш, бўлажак журналистларни тайёрлаш билан шуғулланилади. Медиага қизиққан ёш тик-токерлар, инстаграм фаоллари, ҚВЗ, маданият ва санъатга қизиқиши бўлган ёшларни жамлаш орқали улар ижтимоий фаолликка чақирилади.
Таъкидланганидек янги лойиҳа асосида турли интеллектуал онлайн танловлар ташкил этиш орқали салоҳиятли ёшлар аниқланиб, рағбатлантирилади. Ёшларнинг спортга бўлган қизиқишлари оммавийлаштирилади.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан “Ёшлар кундалиги” нинг уч нафар ёш аъзоларига мобиль мухбирлик фаолиятини бошлаши учун смартфонлар топширилди.
А.Мусаев,ЎзА