Журналистлар теримчилар ҳузурида
Сирдарё вилояти пахта далаларидаги пахта йиғим-терими жараёни, теримчи ва ҳашарчилар учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари Сайхунобод туманидаги "Қаҳрамон Зилола" фермер хўжалиги далаларида бўлишди. Пахта тераётган теримчилар ҳамда фермер хўжалиги ишчи хизматчилари билан ўтказилган суҳбатда ҳашарчилар учун яратилган шароит ҳамда мажбурий меҳнатни олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

–Мен асли Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳриданман, – дейди кўнгилли ҳашарчи бўлиб келган Ирода Ёқубова. – Пахта теришни болалигимдан яхши кўраман. Бу йилги пахта теримига турмуш ўртоғим Фахриддин Ёқубов билан бирга келганман. Ҳашарчилар учун барча шароит яратиб берилган Кунига ўзим 120, турмуш ўртоғим эса 130 килограмм, жами 250 килограмм атрофида пахта теряпмиз. Терган пахта пулимизни кунлигини кунлик, шу жойнинг ўзида оляпмиз. Режаларимиз бор. Пахта териб, жамғарган пулимиз ҳисобига фарзандларимиз учун тўй қиламиз.

Боёвут туманидаги “Ҳашарчилар шаҳарчаси”даги тиббиёт хонаси, маданий ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган жой, аёллар ва эркаклар ётоқхонаси, оилавий ташриф буюрган теримчилар учун ажратилган хона, ётоқхона, кир ювиш машиналари билан жиҳозланган кийим-бош ювиш хоналари пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Тумандаги “Санжарбек Жўраев” номидаги фермер хўжалиги далаларида пахта йиғим-теримида қатнашаётган кўнгилли ҳашарчилар билан дилдан суҳбатлашилди.

– Бу йилги пахта йиғим-терим ишларига Фарғона вилоятидан ҳамда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан кўнгилли ҳашарчилар келган, –дейди фермер хўжалиги раҳбари, тажрибали деҳқон Номозбой Жўраев. –Даладаги пахталаримиз қийғос очилган. Бунинг устига уруғлик пахта. Дала майдонининг 23 гектарига чигитнинг “Султон” навини эканмиз. Ҳосилдорлик ҳам ёмон эмас. Биринчи теримда 38 центнерни чамалаб турибмиз. Теримчилар учун ҳар бир кило пахта учун 1430 сўмдан пул маблағи вақтида берилмоқда. Бундан ташқари, "Боёвут технокластер" томонидан теримчилар рағбатлантирилаётир.

Пресс-тур иштирокчиларига тадбир ташаббускорлари томонидан шу ернинг ўзида давра суҳбати ҳам ташкил этилди, ОВА вакиллари саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Ш.Суяров,
Ф.Тошматов (cурат), ЎзА