“Халқаро пахта куни” муносабати билан журналист ва блогерлар учун Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластерига пресс-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида уюштирилган пресс-турда ОАВ вакиллари кластер пахта далаларида йиғим-терим жараёни билан яқиндан танишиб, теримчилар билан суҳбатлашди. Пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослаштирилган “TCT Agro Сluster” кластери раҳбари Матлубжон Нўъмоновнинг айтишича, 2023 йил ҳосили учун 11 минг 200 гектар ер майдонида ғўза парваришланган. Бу йил 47 минг 40 тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган.
Теримчилар хавфсизлиги, транспорт ҳаракати, жамоат тартибини сақлаш, теримда қатнашувчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат таъминоти ва бошқа барча хавфсизлик чоралари кўрилди.
Ғўза парвариши мавсумида анъанавий суғориш усулидан босқичма-босқич воз кечилиб, тежамкор суғориш усулларига ўтиляпти. Бугунги кунга қадар 1700 гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш технологияси татбиқ қилинди. Чунки ушбу технология туфайли сув билан биргаликда, зарурий ўғитлар экиннинг илдиз қисмига узатиб берилади. Натижада сув ва ўғит сарфи кескин камайиб, пахта ҳосилдорлиги ўртача 30 фоизгача кўтарилади.
[gallery-13879]
Кластер томонидан маҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжирини яратишга қаратилган инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида яқинда “ТСТ Cluster” пахта-тўқимачилик кластери таркибида “Тashkent Cotton Tеxtile” масъулияти чекланган жамиятининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили шу жамият бўлди. Ушбу ип йигирув корхонаси таркибида бешта фабрикани бирлаштирган улкан мажмуанинг биринчи босқичи ҳисобланади. Уни бунёд этиб, ишга тушириш учун 112 миллион евро миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Натижада 1 минг 100 та янги иш ўрни яратилган.
Ип йигирув фабрикаси Германия, Туркия, Швейцария ва Италия каби давлатлардан келтирилган сўнгги русумдаги илғор технологик ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Улар ёрдамида юқори сифатли, ташқи бозорда рақобатбардош калава иплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Home Textile”, яъни тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур корхона йилига 33 минг тонна ҳар хил турдаги калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга.
Яқин истиқболда лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилиб, бўяш, тўқимачилик, матони пардозлаш ва тикувчилик фабрикалари ишга туширилади. Умумий майдони 41 гектарни ташкил этадиган корхонада калава ип етказиб бериш билан чекланиб қолинмайди, балки пахта толаси чуқур қайта ишланиб, тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг барча занжири яратилади. Натижада хонадон учун зарур бўлган барча турдаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Пресс-турда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари.