Журналистлар қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари билан танишди
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Нукус шаҳрида амалга оширилаётган йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар шаҳар ҳудудида қурилаётган ва реконструкция қилинаётган муҳим объектлар билан танишиб, мутахассислардан батафсил маълумот олди ҳамда жойларда олиб борилаётган ишлар жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Бойтерак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “JAYXUN BIZNES” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган кўп қаватли турар жой мажмуасидаги қурилиш ишлари билан танишди.
Лойиҳа доирасида замонавий архитектура талаблари асосида 5 қаватли турар жой бинолари барпо этилмоқда. Мажмуа жами 7 та йўлакдан иборат бўлиб, жами 125 та хонадонни ўз ичига олади. Қурилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш режалаштирилган бўлиб, объектни 2026 йил ноябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Кейинги манзил “Кўк-ўзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган марказлашган иссиқлик тизими объекти бўлди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилган. Лойиҳа натижасида Нукус шаҳри “Кўк-ўзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мавжуд кўп хонадонлар марказлашган иссиқлик тизими билан таъминланди.
Лойиҳа буюртмачиси - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси ҳисобланади.
Объектнинг умумий қиймати 14 миллиард 852,38 миллион сўмни ташкил этади. Унинг қуввати 1 та қозонхона, 4 МВт қувватга эга 3 та қозон (жами 12 МВт) ва 3,5 километр узунликдаги иссиқлик тармоғидан иборат.
Пресс-тур давомида "Ёш авлод" маҳалла фуқаролар йиғини, 27-кичик туман ҳудудида Бошқариш сервис ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар жараёни билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги "Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, республика бюджети маблағлари ҳисобидан кўп хонадонли уйларнинг туташ ҳудудларида умумий фойдаланишдаги инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун жами 46 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 184 та кўп хонадонли уйда тегишли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа доирасида Нукус шаҳрининг 27-кичик туманидаги 11 та кўп қаватли уйнинг фасад қисмларини таъмирлаш ва 3 та замонавий болалар майдончаларини қуриш кўзда тутилган. Айни пайтда ушбу объектларда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда.
Ҳудудда нафақат таъмирлаш, балки ободонлаштириш ва эстетик кўринишни яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг фасадларида турли рангдаги бўёқлардан фойдаланган ҳолда миллий қадрият ва анъаналарни акс эттирувчи гўзал манзара ва безаклар яратилмоқда. Бу эса ҳудуднинг замонавий ва ўзига хос қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Пресс-тур давомида Қорақалпоқ давлат университети ҳудудида қурилган 500 ўринли талабалар турар жойи ҳам кўздан кечирилди. Ушбу талабалар турар жойи университетнинг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан қурилган бўлиб, ҳозирги вақтда қурилиш ишлари тўлиқ якунланган. Бино замонавий мебель ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланиб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилган.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларини қурилиш ишларининг сифати, муддатлари, лойиҳа қуввати ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш бўйича барча қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири