Журналистлар институт фаолияти билан танишишди
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Президентимиз раислигида жорий йилнинг 16 июн куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган мамлакат олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, улардан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Институт ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Тешаев "Бухоро давлат тиббиёт институти: эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар" мавзуидаги маърузасида олийгоҳнинг ўқув ва илмий салоҳияти, сўнгги йилларда эришилган натижалар ва истиқболли лойиҳалар хусусида тўхталди.
Таъкидланишича. айни кунда Бухоро давлат тиббиёт институтида 8 та факультет ва 42 та кафедра, 12 та бакалавриат ва 24 та мутахассислик бўйича магистратура йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Тиббиёт соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида келгуси ўқув йилидан яна 2 та янги факультет, 3 та кафедра, 1 та бакалавриат ва 6 та магистратура йўналишида мутахассислик очилиши режалаштирилмоқда.

"Тиббиётда нанотехнология", "Рақамли тиббиёт", "Биология: биоинжиниринг технологиялари", "Биокимё (тиббиётдаги генетика)" каби йўналишлар бўйича етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари сонини янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда институтда таҳсил олаётган талабалар сони 5 минг 409 нафарни ташкил этади. Янги ўқув йўналишлари ҳисобидан ёш мутахассислар сонини 6 минг 963 нафарга етказиш имкони яратилади.
2020 йилда институтда 400 нафар чет эллик талаба таҳсил олди. Жорий йилда эса бу ерда Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Тукманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлардан келган 600 нафар чет эллик ёш истеъдод соҳиблари таҳсил олмоқда. Халқаро таълим алоқалари соҳасида амалга оширилаётган ишлардан бири Ҳиндистон Республикасидаги халқаро Ноида университети базасида Бухоро давлат тиббиёт институтининг филиали очилгани туфайли институтнинг чет эллик талабалари сони ортди.
Жорий йил якунига қадар институтнинг илмий салоҳияти 43,2 фоизни ташкил этади. Олийгоҳда 450 нафар профессор ва ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Улардан 40 нафари фан доктори, 160 нафари фан номзоди, 34 нафари эса илмий иш билан шуғулланаётган докторант, 74 нафари мустақил тадқиқотчи. Шунингдек, тиббиёт ривожланган чет элларда 5 нафар иқтидорли ёш олим ўз диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган олимлар. Умуман, бу йил якунига қадар институт базасида 30 та илмий иш ҳимоя қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, "Микробиология ва вирусология" ҳамда "Юқумли касалликлар" мутахассисликлари бўйича илмий кенгаш тузилади.
Институтнинг 44 нафар талабаси 2021 йилда республика ва халқаро олимпиадаларда совринли ўринларни эгаллаб, нуфузли стипендиялар ва мукофотлар эгаларига айланди. Кутилаётган янгиликлардан бири эса жорий йилда институтнинг янги кампуси фойдаланишга топширилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз йиллиги тантаналари кунларида очиладиган мазкур мажмуада талабалар шаҳарчаси, поликлиника ва талабалар турар жойлари, илмий-лабораториялар ёшлар ихтиёрига топширилади. Бу ерда молекуляр генетик лаборатория, ўқув ва симуляция маркази, доривор ўсимликларни етиштириш учун ер ажратиш, кичик илмий ва амалий анъанавий тиббиёт соҳасида зарур дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш учун фармацевтика заводини ташкил этиш ҳам белгиланган.

Матбуот анжуманида Олий таълим даргоҳи сўнгги тўрт йилда мамлакатимиз миллий рейтингларида бир неча ўнлаб поғонага кўтарилгани тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, 2017 йилда институт миллий рейтингда 41-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йилга келиб республиканинг энг яхши олий таълим муассасалари ўнлигига кирди. Институтнинг халқаро жозибадорлигини ошириш ва жаҳон рейтингларида барқарор позицияларини эгаллаш борасида аниқ мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.
Мабуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан бевосита таълим жараёни ва талабалар ҳаёти борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида берилган саволларга батафсил жавоб берилди. Таълим даргоҳида янги ташкил этилган Абу Али Ибн Сино номидаги илмий лаборатория фаолияти билан танишиш иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лаборатория аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш билан бирга институтда таълим олаётган талабаларда клиник ва амалий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади. Илмий лабораторияда 150 дан ортиқ таҳлил турлари амалга оширилади. Шунингдек бу ерда видеокамерага уланган замонавий бинокуляр микроскоплар мавжуд. Улар ёрдамида қон суртмалари ва гистологик тўқималар бевосита ўқув хоналаридаги электрон доскага узатилади. Талабалар ўқув хонасидан туриб лаборатор таҳлиллар ўтказилиши жараёни ва уларнинг натижалари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, илмий лаборатория ёнида замонавий жиҳозланган ўқув хоналари ташкил этилган. У ерда талабалар учун турли фанлар бўйича клиник машғулотларни ўтиш ва бевосита лаборатория ишларини бажариш имкони яратилган.
Зариф Комилов, ЎзА