— Экспедиция жараёнлари қайси маблағлар ҳисобига йўлга қўйилади?
— Техникалар етарлими, иш унумдорлиги қандай?
—Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида геология-қидирув соҳаси бўйича қандай вазифалар қўйилди?
“Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент марказий геология-қидирув экспедициясига пресс-тур ташкил этилди. Геология-қидирув соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида ташкил этилган пресс-тур давомида мазкур саволларга жавоб олдик.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, 2021 йил август ойида геология-қидирув ишларига хизмат кўрсатиш бўйича “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти ташкил этилган. Бугунги кунда жамият томонидан замонавий ва юқори самарали ускуналар, илғор техника ва инновацион технологиялар орқали ҳудудларда геология-қидирув ишлари жадал амалга оширилиб, республика минерал-хом ашё базасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келинмоқда.
Айни дамда соҳада 3 минг 500 дан зиёд ходим фаолият олиб бормоқда. Улар геолог, муҳандис, қурувчи, иқтисодчи ва бошқа соҳа мутахассисларидир.
Пресс-тур давомида журналистлар дастлаб геология-қидирув ишларига хизмат кўрсатувчи техникалар,бурғулаш ускуналари билан таништирилди.
— Геология соҳасида олиб бораётган ислоҳотларимизни, энг аввало техникаларни янгилаш ҳамда кўпайтиришдан бошладик, — дейди Тошкент марказий геология-қидирув экспедиция раҳбари Бектош Эшмирзаев.— Ҳозирги кунда жамиятда 78 дона замонавий юқори технологик ва 12 дона бошқа турдаги бурғулаш ускуналари, 41 дона махсус техника, 62 дона сув ташувчи махсус автотранспорт, 59 дона йўл қурилиш техникалари мавжуд. Ушбу техникалар далада иш олиб бораётган геология-қидирув ишларига хизмат кўрсатади. Бундай техникалар албатта иш унумдорлиги ва белгиланган режаларни ўз вақтида бажаришга хизмат қилади.
Акциядорлик жамияти таркибида республикамиз ҳудудида геологик қидирув ишларини олиб бориш учун 4 та экспедиция мавжуд. Хусусан, Қизилқум, Ҳисор, Самарқанд ва Тошкент марказий геология-қидирув экспедициялари ҳамда Марказий лаборатория, Марказий ишлаб чиқариш базаси ва Комплекс геологик геофизика партияси, шунингдек, “Геобурхизмат” участкалари мавжуд.
Бу ташкилотлар геология-қидирув соҳасидаги ишлар самарадорлигини ва натижадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.
Марказий лабораторияда асосан олиб келинган намуналарнинг таҳлил ишлари олиб борилади. Яъни, олиб келинган элементларнинг таркибида қанча олтин, кумуш, мис, рух, қўрғошин каби элементлар борлиги аниқланади.
—Геология, энг аввало излашдан бошланади, — дейди Тошкент марказий геология-қидирув экспедициясининг бош геологи Маҳмуд Жумақулов. — Кейин баҳолаш ва қидирув ишларига ўтамиз. Ўша жараёнда биз намуналар олиб, улар лабораторияга топширилади. Лабораторияда мавжуд металл ва элементларнинг миқдорини аниқлаймиз. Асосан олтин, кумуш, рангли металлар ва ноёб ер элементларини қидирамиз.
Тошкент марказий геология-қидирув экспедицияси иккита дала экспедициясидан иборат. Биринчиси, “Шарқий-Қурама” дала экспедицияси. Бугунги кунга қадар Қизил олма ва Чодак маъдан майдонларида нодир ва рангли металларни геологик излаш ва баҳолаш ишлари 13 та лойиҳа асосида олиб борилаяпти.
Булардан 6 та лойиҳа давлат бюджети ва 7 та лойиҳа махсус маблағлар ҳисобидан амалга оширилди. Иккинчиси, Олмалиқ дала экспедицияси бўлиб, унда жойлашган Қалмоққир кони ўзининг кўлами ва олинадиган фойдали қазилма бойликлари турфалиги туфайли дунёдаги барча геологик дарсликларга киритилган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бугунги кунда геология соҳасида республика минерал-хом ашё базасини ривожлантиришда “Ўзбек геология қидирув” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ўрни аҳамиятлидир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келгусида республиканинг 60 минг квадрат километр майдонида геология-қидирув ишларини амалга ошириш вазифаси қўйилди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/kua5OUlJ93Q" title="Журналистлар геология-қидирув соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова,
Аброр Содиқов(Видео) ЎзА