Журналистлар билан очиқ мулоқот (+видео)
Матбуот ахборот тарқатувчигина эмас, балки жамиятнинг ижтимоий-сиёсий барометри ҳамдир. Манбанинг ишончлилиги, маълумотнинг аниқлиги, журналистнинг холислиги уйғунликда келгандагина ҳаққоний ахборотга айлана олади. Бунда эса бирламчи манба билан тўғридан тўғри муносабатнинг қай даражада экани муҳим.
Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати вилоятдаги барча оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерларни матбуот анжуманига йиғди. Унда дастлаб вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев 2024 йил якунлари ва 2025 йилнинг асосий режалари ҳақида ахборот берди.
Дарҳақиқат, ўтган йили иқтисодий - ижтимоий соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилган.
– Ялпи ҳудудий маҳсулот 91,3 трлн.сўмга етиб, ўсиш 106,7 фоизни ташкил этган. 2025 йилда эса у 108,3 трлн.сўмга ошади, – деди Мирзоҳид Убайдуллаев ва бу рақамлар ортидаги лойиҳалар, дастурлар, режалар ҳақида журналистлар билан эркин ва самимий мулоқот қилди.
Савол- жавоблар вилоят иқтисодиёти, инвестиция, экспорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳа кўрсаткичлари ҳақида борди. Бундан ташқари, ахборот очиқлиги даражаси, раҳбарлар этикаси, оммавий ахборот воситалари билан доимий мулоқотлар уюштириш каби мавзулар ҳам тилга олинди.
– Бу каби матбуот анжумани беш йилдан буён ўтказилмаётган эди, вилоят ҳокимлиги ва унинг ахборот хизматидан давомийлик бўлишини сўраймиз, – дейишди анжуман иштирокчилари.
[gallery-22488]
–Матбуот анжуманида давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича янги маълумотларни олдик, – деди “Янги Фарғона”–“Новая Фергана” газеталари бош муҳаррири Шоҳидбек Аслонов. –Айниқса, вилоят идора ва ташкилотлари раҳбарларининг камбағал оилаларга бириктирилгани, камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган чоралар биз учун янги маълумотлар берди. Бугунги матбуот анжуманида кўтарилган масалалар, айтилган маълумотлар асосида ёзиш учун мавзуларни белгилаб олдим. Уларнинг ҳар бири газетанинг келгуси сонларида алоҳида таҳлилий мақолага айланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TtD5385qqJQ" title="Jurnalistlar bilan ochiq muloqot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари