Журналист ва блогерлар пахта даласида
Айни кунларда бободеҳқон фермер ва кластерларнинг биринчи галдаги эътибори улкан “оқ олтин” хирмонини ёғин-сочин кунларга қолдирмай, нобуд қилмасдан йиғиб олишга қаратилган.
Наманганнинг шаҳар, туманларидан пахтакорларга яқиндан мададкор бўлиш учун қалб амри билан ёрдам бераётган ҳашарчи теримчилар қаторида вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ҳам хайрли ташаббус билан чиқишди. Бир гуруҳ босма ва электрон медиа тузилмалари ҳамда ижтимоий тармоқлар фаоллари ўтган дам олиш куни вилоят хирмонига ҳисса қўшиш мақсадида эрта тонгдан Мингбулоқ тумани “Файзимуҳаммад ота-Ч” фермер хўжалиги далаларида бўлди. 50 нафар фидойи ижодкордан иборат ҳашарчилар не заҳматлар билан етиштирилган пахта ҳосилини кўтаринки кайфиятда йиғиштириб олишда фаоллик кўрсатди.

Ҳашарчиларни йўқлаган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов фаол журналистларга, хусусан “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририятининг кўп сонли ҳашарчиларига юртимизга дахлдорлик ҳисси учун миннатдорлик билдирди. Тушлик пайтида дала шийпонида “Бир пиёла чой” дастурхони атрофида “тўртинчи ҳокимият” вакиллари билан дилдан мулоқот бўлди. Журналистлар ва блогерлар фермер хўжалиги фаолияти, терим мавсумига доир жараёнлар хусусида туркум лавҳа ва мақолалар тайёрлади. Маданий тадбирда туман маданият бўлими санъаткорлари, айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳё Мўминовнинг дилрабо қўшиқлари барчага кўтаринки завқ улашди.

– Фермер хўжалигимизни 2002 йилда очганмиз. Ишимиз аввалида айрим тўсиқ ва қийинчиликларни бошдан кечирдик. Бугун деҳқонларнинг даври келди. Фермер хўжаликлари ва кластерлар изчил саъй-ҳаракатлари орқали мамлакатимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшмоқда, – дейди Мингбулоқ туманидаги “Файзимуҳаммад ота-Ч” фермер хўжалиги раҳбари, “Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Баҳодир Чилматов. – Эрта баҳордан яхши ниятлар билан 90 нафар аъзомиз томонидан 261 гектар майдонга чигит экдик. Ўз ҳисобимиздан харид қилган сув тежовчи технологияларни тез орада 80 гектар майдонда қўллашни бошлаймиз. Жорий йилда 200 гектар майдонга экилган ғалладан 1 минг 500 тонна ҳосил олиб, режани ортиғи билан бажарган ҳолда, дондан 1 миллиард 780 миллион сўм даромад топган бўлсак, “оқ олтин” ҳосилидан 2 миллиард 350 миллион сўм наф кўришни мўлжаллаб турибмиз. Соф фойдамиз ҳисобидан хайрли анъанамизга кўра, бу йил ҳам моддий ёрдамга муҳтож, ижтимоий дафтарларга киритилган кам таъминланган оилалар ҳамда туман ободлиги учун ҳомийлик маблағларини сарфламоқчимиз.


Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Наманган вилояти бўйича 2024 йил мавсум учун фермер хўжаликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 60 минг гектар ерда ғўза парвариш қилиниб, мазкур майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 38,8 центнердан, жами 233 минг тонна пахта хомашёси йиғиштириб олиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.