ЖСТ Тошкент модели – глобал савдо билимлари учун янги платформа
Азим Тошкент яна бир бор муҳим халқаро майдонга айланди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети икки кун давомида илк бор ўтказилган Тошкент халқаро ЖСТ модели – глобал савдо тизимининг энг долзарб масалалари муҳокама қилинган нуфузли анжуманга мезбонлик қилди.
Жаҳон савдо ташкилоти кафедраси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ташаббус нафақат назарий билимни ошириш, балки амалий дипломатик музокара олиб бориш муҳитини ҳам яратди. Шу тариқа иштирокчилар халқаро савдо ҳуқуқи, кўп томонлама мулоқот ва низоларни ҳал қилиш жараёнига бевосита жалб этилди.
Форумда Ўзбекистон билан бир қаторда Қозоғистон, Ҳиндистон ва Япониядан келган талабалар, ёш тадқиқотчилар ва мутахассислар ҳам қатнашди. Бу эса тадбирга ҳақиқий халқаро руҳ бағишлаб, пойтахтимизни глобал савдо тизими келажагига дахлдор жонли, мазмунли мулоқот майдонига айлантирди.
“Барқарор глобал иқтисодиёт учун кўп томонлама савдони ислоҳ қилиш” шиори остида ўтган тадбир бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида юз бераётган ноаниқлик, таъминот занжиридаги узилиш ва савдо тизимидаги трансформация шароитида долзарб аҳамият касб этаётган мавзуларни қамраб олди.
Хусусан, ЖСТ асосий жараёни – музокара ва низони ҳал қилиш механизми симуляция форматида кўриб чиқилди. Яъни, иштирокчи муайян давлат номидан чиқиш қилиб, савдо позициясини ҳимоя қилиш, муросага келиш, ҳуқуқий таҳлил олиб бориш каби мураккаб жараёнда бевосита қатнашиш имконига эга бўлди.
[gallery-28653]
Мазкур платформа, айниқса, Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Зеро, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни давом этаётган бир пайтда, халқаро савдо қоидасини чуқур биладиган, музокарада фаол иштирок эта оладиган ва миллий манфаатни глобал майдонда ҳимоя қила оладиган янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ўта долзарб вазифа ҳисобланади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Президентининг ЖСТдаги вакили Азизбек Ўрунов сўз олиб, ушбу нуфузли тузилмага аъзо бўлиш жараёнининг мураккаб жиҳатлари, ички ислоҳотларимиз аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди. Халқаро савдо тизимига самарали кириб бориш учун мавжуд салоҳиятдан янада унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Муҳокамалар давомида савдо ва тараққиёт ўртасидаги боғлиқлик, глобал иқтисодиёт барқарорлиги, шунингдек низони ҳал қилишга оид ҳуқуқий механизм мавзулари ҳам кўтарилди. Омма олдида сўзлаш, таҳлилий фикрлаш ва дипломатик мулоқот олиб бориш каби муҳим кўникмалар мустаҳкамланди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент халқаро ЖСТ модели нафақат таълим лойиҳаси, балки Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий тизимга интеграцияси йўлида муҳим интеллектуал платформадир. Мазкур ташаббус мамлакатда халқаро савдо ва иқтисодий дипломатия бўйича янги профессионал мактаб шаклланаётганидан далолат.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/y7kWIg3tiKA?si=S7SThvL_3M9oBl5u" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Ойбек Пардаев (фото),
Ойбек Давронов (видео),
ЎзА