ЖССТ AstraZeneca вакцинаси бўйича фикрини ўзгартирдими?
AstraZeneca вакцинасининг қўлланиши билан қон томирларида тромб пайдо бўлиш ҳолатлари ўртасида боғлиқлик борга ўхшайди, лекин ҳали тасдиқланмади, дейилади Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) вакцина хавфсизлиги бўйича глобал маслаҳатлашув қўмитаси берган баёнотда.
«Ҳазирга келиб тушаётган маълумотларга кўра, вакцина билан тромблар пайдо бўлиши ҳолатлари ўртасида боғлиқлик борга ўхшайди, лекин ҳали тасдиқланмаган. Ушбу таҳдиднинг мавжудлигини тўлиқ тушуниб етиш учун ихтисослаштирилган тадқиқотлар зарур», – дейилади баёнотда.
Хабарда таъкидланишича, тромбоз билан боғлиқ воқеалар хавотир уйғотишига қарамай, бундай ҳолатлар жуда кам содир бўлмоқда. «Дунё бўйича AstraZeneca вакцинаси билан эмланган қарийб 200 миллион киши орасида тромбоз пайдо бўлиш ҳолати жуда оз»,
– дея таъкидланади ЖССТ тарқатган баёнотда.
Шунингдек, таъкидланишича, ЖССТ COVID-19га қарши ишлатилаётган барча вакциналарни кузатиб бормоқда ва мамлакатлар билан бу борада яқин ҳамкорлик қилинмоқда.
Бундан аввалроқ дори-дармонларни мувофиқлаштириб бориш бўйича Европа агентлиги ҳам АstraZeneca вакциналари билан тромб пайдо бўлиши ўртасида боғлиқлик эҳтимоли мавжудлигини маълум қилган эди.