Ҳозирда юртимизда кластер ва кооперативларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми экин турлари бўйича пахта-тўқимачиликда — 67 фоизни, чорвачиликда — 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда — 7,5 фоизни ташкил этмоқда.
Шу боис мева-сабзавот ва узумчиликда экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш мақсадида барча тармоқларда ишлаб чиқаришнинг янги - кластер ва кооператив усуллари йўлга қўйилмоқда.
Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилиниб, унга кўра мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда.
– Қисқа вақтда жойларда 150 ортиқ мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томоқа ер эгалари кенгаши бўлим бош мутахассиси И.Еткиров. – Ушбу кластерлар ихтиёрида қуввати 1 миллион тонна бўлган 75 та қайта ишлаш корхонаси, 1200 тага яқин замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари мавжуд. Улар шу кунга қадар 40 минг гектар боғ ва 20 минг гектарга яқин токзорлар барпо этди.
Албатта, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг кластер ва кооперативларга бириккан ҳолда хомашёни қайта ишлаш натижасида тайёрланган маҳсулотларни дунё бозорларига етказиб бериш даражаси ошмоқда. Мисол учун, 2020 йилда 1,5 миллион тонна ёки қиймати 1,1 миллиард долларга тенг бўлган 60 турдан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари дунёнинг 65 та мамлакатига экспорт қилинди. Бунда мева-сабзавотчилик ҳамда томорқа хизмати кластерларининг ўрни биқиёсдир.
Қайд этиш керакки, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир пайтда, бизнинг улушимиз бир фоизга ҳам етмаяпти. Шу боис соҳага хорижий инновацион тажрибаларни жорий этиш, ноанъанавий эксортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш орқали жорий йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга, 2023 йилга қадар эса бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш мўлжалланмоқда.
Албатта, бундай кўрсаткичга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун қўшимча имкониятларни ишга солиш керак бўлади. Жумладан, «Маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш – қайта ишлаш ва экспорт» занжирини ташкил этадиган кластер ва кооперациялари тизимини кенг жорий қилиш муҳим. Бунда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишларнинг олдини олиш мумкин.
– Албатта, янги тизимнинг яна бир қатор ижобий жиҳатлари мавжуд, – дейди И.Еткиров. – Масалан, селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис уруғ ва кўчатларни сезиларли қисми импорт қилинмоқда. Агарда эскирган тизимдан воз кечилса, мутлақо янги узлуксиз занжирни яъни, кластер ва кооперация тизимини ташкил этиш давр талабига айланмоқда. Шу сабабли кластер ва кооперация раҳбарлари хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш, халқаро бозорни ўрганиш ва талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга эътибор қаратиши керак бўлади.
Қисқа айтганда, кластерлар тадбиркорлар, фермерлар ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига кўмакчи бўлиш орқали аграр соҳани янада ривожлантириш ва диверсификация қилишга, экспортбоп экинларни етиштириш, ҳосилдорлигини оширишда мулкдорларга энг яқин кўмакчи бўлади.
ЎзА