Пахтачилик – Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг муҳим йўналиши. Пахта хомашёси, ғўзанинг барглари, поялари, чаноқлари ва чигитидан 100 дан ортиқ маҳсулот тайёрланади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бир тонна пахта бир йилда ўртача 5 нафар кишини иш ўрни билан таъминлайди. Қуруқ иқлим шароитларида ҳам етишадиган пахта дунё аҳлининг кийим-кечакка бўлган эҳтиёжи 27 фоизини қоплайди.
Хўш, мамлакатимизда бугунги кунда пахта етиштириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда, пахта нархи қандай белгиланади?
Мазкур саволлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.
– Ўзбекистонда чинакамига бозор иқтисодиёти қарор топмоқда. Аграр соҳада узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган стереотиплар тубдан ўзгартирилиб, пахтачилик тармоғини ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилмоқда ва бу кейинги йилларда ўз самарасини бермоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ғўза экин майдони бўйича (1,0-1,1 миллион гектар) дунё мамлакатлари орасида олтинчи ўринни, пахта толасини етиштириш бўйича бўйича (0,8-0,9 миллион тонна) бешинчи-олтинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Аҳамиятли томони, йилига дунё бўйича 18-20 миллион тонна пахта толаси етиштирилса, шунинг 0,9-1,0 миллион тоннасини Ўзбекистон етказиб беради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йилги терим мавсумида қўлда терилган 1 кг. пахта учун биринчи теримда 1500 сўмдан, иккинчи теримда эса 1800 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш белгиланган. Пахта нархини белгилашда тегишли тартибга кўра, республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси учун биржада бошланғич нарх шаклланишида амалда қўлланилаётган 10 фоиз миқдоридаги чегирма бекор қилинди. Жаҳон бозори таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилинади. Бозорлардаги нархлар ўзгарса, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритилиши мумкин.
Пахта хомашёсидан 30-35 фоиз тола, (3500 м2 газлама) 60-65 фоиз чигит, 5-10 фоиз ҳар хил чиқитлар олинади. Пахта толаси тўқимачилик саноатида қайта ишланиб, аҳоли учун экологик тоза бўлган кийим-кечак, ҳарбий соҳа, космонавтика ва саноат учун сифатли махсулотлар олинади. Чигитдан ёғ, чорвачилик учун 40-45 фоиз шелуха, 30-35 фоиз кунжара, бундан ташқари совун, вазелин, юздан зиёд турли парфюмерия махсулотлари олинади. Умуман ғўзадан олинадиган махсулотлар асосида саноат усулида 1 минг 200 дан кўпроқ турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, соҳада кластер тизимига ўтилгани қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар амалга оширилишига замин яратди. Жумладан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди.
2021-2022 йилларда соҳани рақамлаштириш бўйича 10 та ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилишга мўлжалланган Геоахборот тизими ишлаб чиқилиб, пахтани масофадан аниқлаш ва таҳлил қилиш йўлга қўйилди. 3,2 миллион гектар суғориладиган экин майдонларида барча турдаги экинлар мониторинги (чегараси, экин тури, вегетация ҳолати ва бошқалар) йўлга қўйилди. Бугунги кунда республикада 122 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритмоқда. Уларнинг 97 тасида 2 миллион 536 минг тонна пахтани қайта ишлаш заводлари ҳамда 39 та кластерда 193,5 минг тонна мато ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.
Пахтага агротехник ишлов бериш ва ундан юқори ҳосил олишни илмий асосланган технологиялар асосида ташкил қилиш мақсадида 16 та пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерларига 31 нафар олим бириктирилган. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида пахта-тўқимачилик кластери тизимини ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган умумий қиймати 36,1 миллиард сўм бўлган 21 та лойиҳа 11 та олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан бажарилмоқда.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Толани қайта ишлаш қувватлари 1
миллион 300 минг тоннани ташкил этмоқда. Жорий йил январь-июль ойларида жами 489 минг тоннадан ортиқ калава ип ишлаб чиқарилди, шундан 269 минг тонна экспортга (Туркия, Россия, Хитой ва бошқа давлатлар) ва 200 минг тонна республика ҳудудларида қайта ишлашга йўналтирилди.
Жорий йил якуни билан 71,5 триллион сўмлик тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва экспорт ҳажми йил якунига қадар 3,3 миллиард долларни ташкил этиши режалаштирилган. Бунинг учун 21 та корхонада OEKО-tex, 7 та Sedex, 5 та BSCI, 2 та GOTS ҳамда 150 дан ортиқ корхоналарда ISO (9001, 14001, 45001) халқаро стандартлари жорий қилинди.
Ўзбек пахтасининг шуҳрати жаҳонда тобора юксалиб бораётган экан, бунинг замирида мамлакатимизда пахтачилик тармоғини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, олимлар, соҳа мутасаддилари ва фермер деҳқонларимиз меҳнатининг самаралари мужассамдир.
Президент томонидан илгари сурилган ташаббусга кўра, пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Кластерларга пахта етиштириши (пахта қийматининг 60 фоизи) учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан 24 ойга кредит ажратилиб, унинг имтиёзли даври 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.
Кластерларга пахта теримини (пахта қийматининг 20 фоизи) молиялаштириш учун ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағларидан имтиёзли — 10 фоиз ставкада кредит ажратилади. Пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар фақат кластерлар орқали молиялаштирилади. Якуний ҳисоб-китоб учун (пахта қийматининг 20 фоизи) олинган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан (14 фоиз) ошган қисми Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, кластерларга бириктирилган 1 миллион гектар пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси хизматлари, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади.
Кластерлар томонидан ип-калавани чуқур қайта ишлаш келгуси 2 йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказилади. Матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади. Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4−5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА