АОКАда ташкил этилган брифингда “Ўзсаноатқурилишматериаллари“ уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда драйвер соҳа ҳисобланган қурилиш материаллари саноатида 2017-2023 йилларда юқори кўрсаткичларга эришилган. Соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, хориж тажрибасини жалб қилган ҳолда янги маҳсулотларни ўзлаштириш, экспорт бозорларини кенгайтириш тизими тубдан қайта ислоҳ қилинган.
– Жумладан, соҳада ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 2 баробар ўсиб, 14 мингга етди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эса 2017 йилдаги 8 триллион сўмдан 2023 йилда 34,2 триллион сўмга етказилди ёки 4 баробарга ошди. Шунингдек, 9 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, янги амалга оширилган лойиҳалар доирасида 94 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
Янги 36 турдаги юқори қўшилган қийматли, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ва экспорт бозорини кенгайтириш ҳисобига экспорт давлатлари сони 2017 йилдаги 28 тадан 58 тага кенгайтирилди. Қурилиш материаллари кенг ҳажмли, оғир вазнли эканлигидан келиб чиқиб, асосий экспорт бозорлари ҳисобланган қўшни давлатларга маҳсулот экспорти 8 баробарга оширилди. Латвия, Нидерландия, Бельгия каби янги истиқболли экспорт бозорлари ўзлаштирилди. Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида 9 та давлатда ташкил этилган кўргазма ва савдо форумларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари билан иштироки таъминланди ҳамда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Ўзбекистон савдо уйи” фаолияти йўлга қўйилди. Натижада қурилиш материаллари экспорти 9 баробарга ўсиб, 2017 йилдаги 71 миллион доллардан 2023 йилда 654 миллион долларга етказилди, – деди Ж.Шерметов.
Тадбирда галдаги режаларга ҳам урғу берилди. Унга кўра, соҳада жорий йилда 38 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. 2025 йилда ушбу кўрсаткич 44,7 триллион сўмга етказилади. Жорий йилда 1 миллиард долларлик экспорт амалга оширилади. 2025 йилда эса экспорт ҳажмини 1,2 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА