Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Видеоконференц алоқа шаклида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумат аъзолари, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибида дастлаб «Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрирда) лойиҳаси кўриб чиқилиб, бу бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмита раиси З.Реймова маъруза қилди.
Сўнг «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида»ги, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасининг Қорақалпоғистон Республикасида ижроси бўйича Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисида”ги масалалар муҳокама қилинди.
[gallery-2777]
Шунингдек, “Шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш кўрсаткичлари, амалий чора-тадбирлар режалари ҳамда бу борада аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳисоботи тўғрисида»ги, «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Кенгашининг ҳамда шаҳар, туман ҳокимларининг ҳисоботлари тўғрисида»ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий вакилининг 2021 йил биринчи чораги давомида олиб борган ишлари бўйича ҳисоботи тўғрисида”ги, «Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосарини сайлаш тўғрисида»ги ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА