Жониворларга ёрдам — инсонийлик рамзи
Баъзида ён-атрофимизда ёки ижтимоий тармоқларда қаровсиз ҳайвонларга нисбатан турли кўринишдаги шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларига дуч келамиз. Бундай ҳолатлар қаровсиз ҳайвонларга зиён етказиш билан бирга, инсонларда, айниқса, болаларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликни, меҳрсизликни шакллантириши мумкин.
Бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили август ойининг учинчи шанбаси “Бутунжаҳон уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш” куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази билан ҳамкорликда “ҲАЁТ” бошпанасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятида “Жониворларга ёрдам — инсонийлик рамзи!” шиори остида экологик хайрия акцияси ташкил этилди.

Экопартия вакиллари, соҳа мутасаддилари, депутатлар, “Экология ва саломатлик” аёллар клуби, “Ёшлар қаноти” етакчилари, экофаол фуқаролар, Ekolog.uz (https://ekolog.uz/) нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари, блогер ва журналистлар иштирокида ўтган акцияда “ҲАЁТ” бошпанасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига жониворлар учун турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Маълум қилинганидек, ушбу жамиятда 7 мингдан зиёд қаровсиз қолган итлар экофаол фуқаролар томонидан парвариш қилиб келинмоқда. Жамиятдаги жониворлар ҳар йили халқаро ташкилотлардан жалб қилинган мутахассислар билан биргаликда кастрация ва стерилизация қилинмоқда.

Ушбу акцияга ташриф буюрган депутатлар мазкур жамият фаолиятини яхшилаш, қаровсиз ҳайвонларни ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси учун таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ўрганиш ишларини олиб бордилар. Бошпанасиз ҳайвонларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, бу борада жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш масалаларида ўзаро фикр алмашилди, таклифлар билдирилди. Кўнгилли экофаолларнинг табиатни, жониворларни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА