Жондор обод бўлиб, аҳоли фаровонлиги ошмоқда
Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Жондор туманида бўлиб, тадбиркорлар учун яратилган қулайлик, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати, қолаверса, қишки мавсумга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.
Туманда кейинги йилларда аҳолига талаб даражасида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида янгиланиш ва ўсиш кузатилмоқда. Бу туманда икки йил бурун икки манзилда деҳқон ва буюм бозорлари замонавий андозада қуриб битказилиб, тижорат тармоғи субъектлари, тадбиркорларга янада қулай шарт-шароит яратиб берилган. Бу борадаги таҳлилларга назар солсак, ўтган йил мобайнида туманда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 140,6 миллиард сўмлик бўлган 514 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 657 та янги иш ўрни яратилган.

Ҳудудда муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар қаторида “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида моддий қиймати 6 миллиард сўмга тенг “Маrket Zahratun” МЧЖ томонидан янги ташкил этилган замонавий йирик супермаркетда 12 та, “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғинида барпо қилинган “Jondor Eco bozor” МЧЖ томонидан янги замонавий жиҳозланган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари бозорида 150 та, қурилиш қиймати 20 миллиард сўмга тенг “Жондор савдо мажмуаси” МЧЖ, яъни янги ва замонавий услубда қуриб жиҳозланган ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва буюм бозорида 170 та, маҳаллий хусусий тадбиркор томонидан “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғинида рўёбга чиқарилган “Yashar Меdline shifo” МЧЖ бизнес лойиҳаси томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, тиббий диагностика фаолиятини амалга ошириш орқали 8 та янги иш ўрни яратилгани ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлиги учун хизмат қилмоқда.

Шунингдек, бундан икки йил бурун айнан “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғинида, “Яккатут-Жондор” автомобиль йўли ёқасида янги “Жондор деҳқон бозори” ҳам талаб даражасида бунёд этилган. Бозор қурилишининг лойиҳа қиймати 12 миллиард 350 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур лойиҳа Миллий банкнинг вилоят филиали томонидан 2 миллиард сўм кредит маблағи билан қўллаб-қувватланган. Майдони 2,5 гектар бўлган мазкур бозор қурилиши Нодир Муродов раҳбарлигидаги “Jondor Eco bozor” масъулияти чекланган жамияти бинокорлари томонидан қуриб битказилган.

Янги бозор комплексида икки қаватли ёпиқ савдо мажмуаси, жами 440 та савдо растасига эга 3 та ёзги павильон, бир неча турдаги нон ва нон маҳсулотлари, сут, гўшт маҳсулотлари учун алоҳида павильонлар билан бирга, дон ва дуккакли маҳсулотлар савдоси учун алоҳида расталар шай қилинган. Айни кунда тадбиркорлар барча шароитга эга бўлган ушбу янги бозорда савдо ўрни ҳам кенгаймоқда. Қолаверса, бозорга қатнайдиан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида савдо мажмуаси ёнидан автотураргоҳ, умумий овқатланиш шохобчаси, “Халқ банки” филиали, дорихона ва бошқа қулайликлар яратилаётгани ҳам мақсадга мувофиқ. Туман маркази билан узвий транспорт хизмати орқали боғланадиган бозорда қурилиш, хўжалик моллари билан савдо қилувчи савдо дўконлари фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда.

Ишчи гуруҳи “Jondor Eco bozor”ининг айни кундаги фаолиятини ўрганди.
Ишчи гуруҳи “Дарвеши” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлди.
Дарвеши маҳалласида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича намунали ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, давлатимиз кўмаги билан ўтган йилда маҳаллада 1,7 гектар ер майдонида 41 та оилага ихчам иссиқхона қуриб берилган. Жорий йил якунига қадар 5,5 гектар ер майдонида 144 та худди шундай иссиқхона қурилиши давом эттирилмоқда. Шунингдек, ўтган йилда 60 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун 6 гектар ер ажратиб берилган бўлса, бу йил ажратилган ер майдони 12 гектарни ташкил этмоқда.

Дарвешиликларнинг асосий даромади деҳқончиликдан. Шу боис одамларнинг ерга меҳри бошқача. Аммо ҳудудда сув танқислиги бу борада ердан баракали ҳосил етиштиришда катта ташвиш туғдираётгани ҳам бор гап. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда. Жумладан, бултур маҳаллага бир дона артезиан қудуғи қазилгани томорқачилар мушкулини осон қилди. Аҳоли мурожаатларидан сўнг бу йил яна 3 та шундай артезиан қудуғи ўрнатиб берилмоқда. Бундан ташқари, одамларга имтиёзли кредитлар бериляпти. Хуллас, ишлайман, меҳнат қиламан деган одамга бугун барча шарт-шароит бор. Шу маҳаллада яшовчи намунали томорқачилардан бири Садриддин Сайфиевни олсак, миришкорлиги, чоғроққина томорқасидан ҳар йили баракали ҳосил етиштириб келаётгани боис, у “Меҳнаткаш деҳқон” кўкрак нишонига сазовор бўлган, рўзғори бут.
Дарвешилик Бахшулло Раҳмонов оиласи ҳам ҳар ишда намунали хонадонлардан бири. У турмуш ўртоғи ва тўрт нафар фарзанди билан биргаликда ҳовлисидаги 10 сотихли томорқа ерида иссиқхона барпо қилиб, кўп йилдирки, бу ердан йилига уч марта ҳосил олиш тажрибасини пухта ўзлаштирган. Чунончи, февраль ойидан ерга картошка, помидор экилса, ёз фаслига келиб бодринг, ловия, карам етиштириши, кеч кузги мавсумда эса “тўқсонбости” усулида саримсоқпиёз, шолғом лавлаги ёки кўкатлар экиб етиштириши мумкин. Миришкор оиланинг жорий деҳқончилик йилида иссиқхонадан қўлга киритаётган даромади ҳам 100 миллион сўмдан кам эмас.
Умуман, қишлоқдаги ўрганишлар жараёнида айнан Бахшулло Раҳмонов, Садриддин Сайфиев сингари миришкор хонадонлар сафини кенгайтириш, қолаверса, ободонлаштириш, “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасидаги хайрли ишларни жонлантириш, аҳоли хонадонларида иссиқхоналарни кўпайтириш, йўл бўйлари ва томорқаларда мевали-манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш, томорқаларда плёнка остида “тўқсонбости” усулидаги маҳсулотларни экиб етиштириш лозимлиги юзасидан масъулларга зарур тавсиялар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири