Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда бериб борилаётган “Элчи билан мулоқот” лойиҳасининг бугунги меҳмони Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник. Дипломат интервью давомида асосий эътиборни ОАВ ва матбуот эркинлиги мавзусига қаратди.
– Дунё бўйлаб барча мамлакатларда матбуот ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Фикримча, кучли, эркин ишлайдиган матбуотсиз ҳеч бир давлат ёки жамиятда мукаммал демократия бўлмайди.
Шуни айтмоқчиманки, ўн йил олдинги давр билан солиштирилса, ҳозир Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият анча яхши. Мен элчи сифатида бу юртда уч йил ишлайман. Келгусида ўзбек матбуоти янада эркин фаолият кўрсатишига ишонаман.
Тан олиш керак, юртингизда матбуот ва сўз эркинлиги борасида ҳали айрим муаммолар мавжуд. Масалан, журналист ўз эркини ўзи чеклаши, матбуот соҳасидаги этикага боғлиқ муаммолар кузатилиши, ўзини тутиш одоби, намунали хулқ-атвор, профессионаллик етишмаслиги каби камчиликлар учрайди.
Матбуот эркинлигини таъминлаш учун, аввало, ўз-ўзини цензура қилишни йўқотиш керак. Яъни, журналист ўзи ёзмоқчи бўлган мавзуни танлашда ҳеч қандай қўрқувни ҳис қилмасин. Қолаверса, махсус тренинглар ташкил этиб, журналистлар тажрибасини ошириш учун шароит яратиш лозим. Асосийси, ОАВ вакилларида хорижий журналистлар билан ҳамкорлик қилиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкони бўлиши жуда зарур.
Элчи сифатидаги фаолиятимнинг устувор йўналишларидан бири ҳам, айнан, демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ОАВ эркинлигини ҳимоя қилишдир. Шундан келиб чиқиб, АҚШ элчихонаси томонидан ўзбекистонлик журналистлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб боряпмиз.
Маълумки, ОАВ ҳам бизнеснинг ўзига хос бир йўналиши. Етарли маблағсиз, даромадсиз соҳада яхши натижага эришиб бўлмайди. Кучли нашрни яратиш учун, аввало, маҳоратли мутахассисларни ишга олиш керак бўлади. Табиийки, бундай кадрлар юқори маошга ишлайди.
Сир эмас, ҳозир нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда матбуот ташкилотлари учун маблағ топиш жиддий муаммога айланмоқда. Бундай вазиятда нашр ишини юритиш, бошқариш учун менежмент ва молиявий масала бўйича мутахассис зарур бўлади.
Сўзим якунида АҚШ ва Ўзбекистон муносабати кенг кўлам касб этиб, чуқурлашиб бораётганини таъкидламоқчи эдим. Иқтисодий ҳамкорлик шериклигимизнинг устувор жиҳатларидан бири. Қисқа вақт мобайнидаги фаолиятим давомида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан, шунингдек бир неча вилоят ҳокими билан ҳамкорлик юзасидан мулоқот олиб бордим.
АҚШ Ўзбекистон билан ҳар томонлама шерикликни ривожлантириш тарафдори. Зеро, мамлакат тараққиёти, фаровонлигидан АҚШ ҳукумати ва америкаликлар ҳам манфаатдор.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.