Жомбойдаги сессияда ўқувчилар ҳам қатнашяпти
Айни пайтда халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Қ.Собиров ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилга мўлжалланган режалар юзасидан аҳолига мурожаат қилмоқда.
Таъкидланишича, йил бошидан буён туманда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 430 миллиард сўмлик 41 та лойиҳа ишга туширилди.
Жумладан, саноатда 86 миллиард сўмлик 13 та, қишлоқ хўжалигида 308 миллиард сўмлик 15 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 36 миллиард сўмлик 13 та лойиҳалар рўёбга чиқди. Натижада, 545 та янги иш ўринлари ҳамда 5 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди.
Йил якунига қадар умумий қиймати 36 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа ишга туширилиб, 76 та янги иш ўринлари яратилади.
Эътиборли томони, сессияга сенатор ва депутатлар, сектор раҳбарлари, туман фаоллари билан бирга умумтаълим мактабларининг 10 нафар фаол битирувчилари ҳам таклиф этилган.
- Ёшлар эртанги кунимиз эгалари, улар бугун туманимизда амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлиши, бу жараёнда иштирок этиши ва шундан келиб чиқиб ўз олдига мақсад қўйиши керак, - деди туман ҳокими. - Шунинг учун кейинги икки сессиямизга фаол ёшларни ҳам таклиф этяпмиз. Бу орқали улар Кенгаш иши билан, депутат фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА