Жомбойда хризантема гуллари етиштирилмоқда
Жомбой туманидаги “Собиров Тошмурод” фермер хўжалиги раҳбари Акбар Собиров ўтган йил Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Гул сайли”да қатнашиб, маҳаллий тадбиркорларнинг Голландиядан хризантема гулларини келтириб парваришлаб, мўмай даромад олаётганини кўрди-ю шу иш билан шуғулланишга аҳд қилди.
Голландиядан олиб келинган 20 минг дона гул кўчатларини иссиқхонада маҳаллий иқлим шароитига мослаштирди ва тажриба сифатида эрта бахорда 1 гектардан ортиқ ер майдонига экиб парваришлади.
Астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини бериб, фермернинг хризантема гуллари алвон рангда очилди ва ўз харидорларини топди. Айни кунларда бу ерда 10 турдаги 25 мингдан ортиқ гул етиштирилмоқда.

– Бу йил тажриба сифатида 1,2 гектар ер майдонида шу гулларни экиб, қарийиб 600 миллион сўм фойда олишни мўлжаллаб турибмиз, – дейди Акбар Собиров. – Бу иш билан асосан, ўзимизнинг оиламиз – ўғлим, келиним, қизларим, укамларнинг оиласи шуғулланяпмиз. Келгуси йилда гул етиштириладиган майдонни янада кенгайтриш, атиргул ва лола парваришлашни режалаштиряпмиз.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА