Жомбойда каннабис “плантацияси” топилди
Шу кунларда Самарқанд вилояти ҳудудида уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд воситалари тарқалишининг олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида ички ишлар бошқармаси томонидан жиноятчиликка қарши кураш тезкор профилактик ойлиги ўтказилмоқда.
Мазкур ойлик доирасида бугун вилоятнинг Жомбой туманида кўп миқдорда “каннабис” ўсимлигини етиштираётган шахс аниқланди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Олинган тезкор маълумотга асосан Олмазор маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган Б.Э. нинг яшаш уйида тинтув тергов ҳаракати ўтказилганда унинг томорқасида 2160 туп “каннабис” гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш ўсимликлар экилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ушбу ҳовлидан 512 туп қуруқ ҳолдаги каннабис гиёҳвандлик воситаси, уйдаги овқат пишириш печи ичидан 100 грамм каннабис уруғи сақланаётганлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

ЎзА