Жиззах шаҳрида “Ишбилармон аёл – 2024” республика кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу кўрик-танлов мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор тадбиркор ва фермер хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир аввалида вилоятда фаолият юритаётган салоҳиятли фермер, тадбиркор ва ишбилармон аёллар раҳбарлигидаги корхоналар ўзлари ишлаб чиққан маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этди.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан Низом талабларига мувофиқ кўрик-танловнинг шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 нафар иштирокчи фаолияти шаффофлик билан баҳолаб борилди.
Жумладан, уларнинг солиқларга онгли муносабатда бўлиши, экспорт ва импорт салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги фаоллиги, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича амалга оширган амалий ишларига жиддий эътибор қаратилди.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, Зомин туманилик тадбиркор, “Ясмин чеварлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Раъно Ҳасанова биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичи ғолиби бўлди ва энди у танловнинг республика финал босқичида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Иккинчи ўринга Жиззах шаҳридан “Хадича барака маҳсулотлари” оилавий корхона раҳбари Гулнора Исматуллаева, учинчи ўринга эса Дўстлик туманидан “Бунёдкор тикувчи қизлари” МЧЖ раҳбари Гулҳаё Шоҳимардонова муносиб деб топилди.
Ғолиблар ва турли номинациялар соҳибаларига O’zLiDePнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири