Жиззахликлар сайловда фаол иштирок этмоқда
Жиззах аҳли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида фаоллик билан иштирок этмоқда.
Жиззах вилояти ҳудудий сайлов комиссияси Матбуот марказида бўлиб, вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови жараёнлари билан қизиқдик.
– Барча 553 та сайлов участкамизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови жараёнлари жуда қизғин бормоқда, – дейди Жиззах вилояти ҲСК сайлов комиссияси раиси Шавкат Шарипов. – Вилоятимиз бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 798 минг 756 нафар сайловчи киритилган бўлиб, ҳар бир сайловчи ўзи муносиб деб билган депутатликка номзодларга ўз овозини бермоқда. Сайловда қатнашадиган 30 ёшгача бўлганлар 241 минг 482 нафарни ташкил этади.
Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтди ва вилоятимиз ҳудудидаги сайлов участкаларида 6 минг 993 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.
Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан Жиззах вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган жами 1600 нафар номзод рўйхатга олинган.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 82 нафарни ёки 41 фоизни ташкил этди.
Аввалги сайловларга қараганда номзодлар ҳам анча ёшарган. Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 46,1 ёшни, улардан 31 фоизи 40 ёшгача бўлган номзодлар, 57 фоизи – 60 ёшгача бўлган номзодлар ташкил этади. Номзодлар орасида энг ёши 28 ёшда эканини ҳам қайд этиш лозим. Депутатликка номзодларнинг 96 фоизи олий маълумотли фуқароларимиздир.
Ушбу депутатликка номзодлар орасида иқтисодчилар – 9 фоизни, педагоглар – 29,5 фоизни, муҳандислар – 10 фоизни, шифокорлар – 9,5 фоизни, журналистлар – 0,5 фоизни ҳамда тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 41,5 фоизни ташкил этган.
[gallery-20021]
Шу ўринда, мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам депутатликка номзодлар орасида борлиги, Ўзбекистон кўп миллатли ягона халқ эканинининг ёрқин ифодасидир. Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутатлигига номзодларнинг 193 нафари ўзбек, 2 нафари тожик, 1 нафари қозоқ, 3 нафари корейс, 3 нафари бошқа миллатларни ташкил этади.
Жиззах вилоятининг барча ҳудудларилаги сайлов участкаларида сайловчилар фаол иштирок этиб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари