Жиззахда ёш экологлар баҳслашди
2025 йил – Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили муносабати билан Жиззах шаҳридаги Болалар қўғирчоқ театри томошалар залида икки кун давомида умумий ўрта ва касбий таълим муассасаларининг ўқувчи-ёшлари ўртасида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим.
Жамиятимизда ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Эртамиз келажаги бўлган ёш авлодни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига, миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, қонунбузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида республикамизнинг барча умумтаълим мактабларининг юқори синф ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Ушбу танлов Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари томонидан ташкил этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
[gallery-22075]
Мазкур танловнинг Жиззах вилоят ҳудудий босқичида мактаб таълими тизимида туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 та энг кучли жамоа ва касбий таълим йўналишида 11 та жамоа иштирок этди.
Ҳар бир жамоа тўртта: “Бу бизнинг ҳудуд”, “Интеллектуал ринг”, “Экология учун барчамиз масъулмиз!” ҳамда “Энг яхши экологик лойиҳа” шартлари бўйича ўз иқтидорларини намойиш этдилар.
Мактаб таълими тизимида ўтган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичида Шароф Рашидов туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 36-сонли умумтаълим мактабининг “Экосфера” жамоаси биринчи ўрини эгаллаб, республика финал босқичи йўлланмани қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Дўстлик туманидаги 14-сонли умумтаълим мактабининг “Яшил макон авлодлари”, учинчи ўрин Мирзачўл туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабининг “Табиат элчилари” жамоаларига насиб этди.
Касбий таълим тизимида эса Янгиобод тумани политехникумининг “Греенверсе” жамоасига тенг келадиган рақиб топилмади. Биринчи ўринни эгаллаган Янгиободнинг ёш экологлари энди жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида ўтадиган кўрик-танловнинг республика финал босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
Ушбу тизимдаги танловда Фориш тумани политехникумининг “Яшил қанотлар” жамоаси иккинчи, Шароф Рашидов тумани 2-сонли политехникумининг “Экология билимдонлари” жамоаси учинчи ўринларга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари