Жиззахдаги “Н” ҳарбий қисмида мамлакатимиз сарҳадлари даҳлсизлигини таъминлашга киришиш остонасида турган юртимизнинг мард ва жасур ўғлонлари қуролларини кўксига маҳкам босганича йигитлик шаъни ва ор-номусини ўртага қўйиб, қасамёд қабул қилди.
ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ушбу ҳарбий қисмда ташкил этилган тантанали тадбирда сўз олганлар юз-кўзларида ўзига ишонч, қалбларида чексиз ғурур балқиб турган аскарларнинг зиммасига олган масъулияти нақадар улуғворлигини эътироф этиб, муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган йигитларнинг чегараларимизни қўриқлаш йўлидаги шарафли вазифаларига омад тилашди.
Тантанали маросимда ҳарбий қисм қўмондонлиги, фахрийлар, аскарларнинг ота-оналари, яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
– Бугун биз йигитлик бурчимизни бошлаш арафасида Ватанимиз, халқимиз ва Президентимизга содиқ хизмат қилишга, юртимиз чегаралари дахлсизлигини сақлашга, мамлакатимиз тинчлигини асраш йўлида керак бўлса жонимизни қурбон қилишга ҳам тайёр эканимизни таъкидлаб, қасамёд қилдик ва энди зиммамизга янада улкан масъулият юкланди, – дейди оддий аскар Самандар Худойбердиев. – Авваламбор, мен ДХХ Чегара қўшинлари сафида хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Чунки Чегара қўшинлари давлат ҳимоясининг олдинги қаторида туради. Халқимизни ишонтириб айта оламанки, мен ҳам, сафдошларим ҳам қасамёдимизга содиқ қолиб, жонажон юртимизнинг сарҳадларини ишончли қўриқлашга ваъда берамиз.
Оркестр садолари жўрлигидаги тантанали параддан сўнг, қасамёд қабул қилган йигитларга ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда чегарачиларнинг тўрт оёқли садоқатли дўстлари – хизмат итлари ёрдамида бажарган саҳна кўринишлари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги бўйича жанговар чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
ДХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган, Ватанни, мардлик ва жасоратни, севги ва муҳаббатни тараннум этувчи дилбар қўшиқлар барчани рақсга чорлаб, тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири