Жиззахда хорижий корхоналар сони кўпаймоқда
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қулай инвестиция муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри чет эл сармоясини жалб этиш, бу борада чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тумандаги “Қулписар” маҳалла фуқаролар йиғинида хитойлик инвесторлар томонидан озиқ-овқат саноатида фойдаланиладиган пигментлар (ранг бериш учун ўсимликларнинг барги, илдизи, гули, ва мевасидан фойдаланиладиган қуюлтирувчи моддалар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган “FORIGHTCALCIUMINDUSTRY” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Ушбу корхонанинг масъул раҳбарлари Шароф Рашидов туман солиқ инспекцияда бўлиб, инспекция раҳбари Э.Эркабоев билан учрашди. Хорижлик ишбилармонларга мазкур учрашув давомида ҳудуднинг инвестиция жозибадорлигини ошириш борасидаги яратилган шарт шароитлар, солиқ қонунчилигида белгиланган тартиблар, имтиёзлар борасида батафсил маълумотлар берилди.

– Ўзаро ҳамжиҳатлик ва икки томонлама манфаатли ҳамкорлик руҳида ўтган учрашув самарасида туманда хорижий корхоналар сони яна биттага кўпайди, – дейди Шароф Рашидов туман солиқ инспекцияси раҳбари Э.Эркабоев. – Бу, ўз ўрнида, Президентимиз топшириғи ижросини таъминлашда, қолаверса, иқтисодиётимиз юксалиши ва, энг муҳими, ёшларни даромадли доимий янги иш ўринлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари