Жиззахда уч авлод вакиллари учрашди
Мамлакатимиз мустақиллиги тантаналарининг 30 йиллиги арафасида Жиззах вилояти ҳокимининг ташаббуси билан ташкил этилган уч авлод учрашувида шаҳар ва туманлардан келган уч авлод вакиллари – меҳнат ва фронт орти фахрийлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа илғорлари, ўқувчи ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланди.
Сўнг Жиззах шаҳрида янгидан бунёд этилган ижтимоий, маъмурий бинолар, хусусан “Президент мактаби”, капитал таъмирдан чиқарилган халқ депутатлари вилоят Кенгаши уйи, халқаро стандартлар асосида барпо этилган, Марказий Осиёда ягона бўлган “Велотрек” спорт мажмуаси ва вилоят марказининг эътиборга лойиқ бошқа жойларига борилди.
Вилоят ҳокими, мустақилликнинг илк йилларидаги оғир кунлар, озиқ-овқат тақчиллиги, ишсизлик, иқтисодиётдаги камчиликлар, халқ турмуш шароитидаги муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида гапирди. Кейинги йилларда қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ўсиш, маориф ва соғлиқни сақлашдаги янгиликлар хусусида батафсил тўхталди.
Жумладан, 2017 йилда вилоятга 37 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич ярим миллиарддан ошиб кетди. Айни пайтда, вилоятда янги инвестициялар асосида 604 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Биргина жорий йилда 1 минг 120 хонадонли 30 та кўп қаватли уй барпо этилди. 2017 йилда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси 19 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 75 фоизга етказилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Агротехника қоидаларига эътибор берилмаганлиги сабабли муомиладан чиқарилган 20 минг гектар ер ҳолати яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди. 4 минг гектар ерда узумзорлар барпо этилди.
Уч авлод учрашуви кексалар насиҳати, ёшларнинг фан, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари ҳақидаги суҳбатлари билан давом этди.
Куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
[gallery-3455]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА