Жиззахда тест синовлари якунига етди
Жиззах вилоятида 2024-2025 ўқув йили қабули учун ўтказилган давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовлари ўз якунига етди.
Шу муносабат билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Иброҳим Хотамов тест синов жараёнлари ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилди.
– Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан 2024-2025 ўқув йили қабули учун давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари Жиззах вилоятида 2024 йил 14-24 июль кунлари шаффоф ва адолатли ўтди, – дейди Иброҳим Хотамов. – 2024-2025 ўқув йили учун тест жараёни жорий йилнинг 24 июль куни Жиззах вилоятида давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовлари тўлиқ якунланганди.

Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамда олий таълим муассасалари томонидан тест синовларини ўтказиш бўйича барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Тест синовлари ўтказилган биноларда ҳар бир абитуриент учун бир ўринли стол-стуллар тартиб билан жойлаштирилди. Бинода марказлашган совитиш тизими ўрнатилиб, қўшимча равишда бинога 30 дона совитиш қурилмаси мунтазам ишлаб турди.
Ҳудудга кириш жойларида абитуриентларни тартиб билан текшириб киритиш учун назорат постлари ташкил қилинди. Абитуриентларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари учун салқин кутиш жойлари ташкил этилди.
Давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган, тест синовларида Жиззах вилоятида иштирок этиш истагини билдирган абитуриентларнинг умумий сони 42 минг 961 нафарни ташкил этган бўлса, шундан, тест синовларида 40 минг 46 нафар, яъни 93,2 фоиз абитуриент Низом талаблари асосида тест синовларида иштирок этди. 2 минг 911 нафар, ёки 6,77 фоиз абитуриент эса тест синовларида айрим сабабларга кўра қатнаша олмади.

Тест синовлари жараёнида гуруҳ назоратчиси сифатида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтган, амалий-семинар машғулотларида иштирок этиб, саралаш тест синовлари ва суҳбат жараёнлари натижасида саралаб олинган 161 нафар номзод билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан шартнома имзоланган бўлиб, бу назоратчилардан 5 нафарини сурдо-таржимонлар ташкил этди. Тест синовларида шартномада имзоланган 156 нафар гуруҳ назоратчиси ва 5 нафар сурдо-таржимон жараёнларда тўлиқ иштирок этди.
Тест синовлари ўтаётган ҳудуд атрофида ва ҳудудда жамоат тартибини сақлаш учун вилоят ички ишлар бошқармасидан 89 нафар шахсий таркиб, Миллий гвардиядан 39, фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 14 нафар ходим тест синовлари жараёнида тўлиқ фаолият олиб борди.
Абдужалол Қаюмов,
Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА.