Жиззахда шудгорлаш ишлари нега кеч қолмоқда?
Доно халқимизнинг, деҳқон бўлсанг шудгор қил, шудгорлаш кузда деб бил, деган ажойиб нақли бор. Чунки кузги шудгор – қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим ўрин тутувчи агротехник тадбирлардан биридир. Бу ишлар ноябрь ойида ўтказилганда юқори самара беради.
Мутахассислар таъбири билан айтганда, бу муддатда ҳайдалган ер – суғорма деҳқончилик учун муҳим бўлган тупрокдаги нам захирасини яхши сақлаш имконини беради. Қолаверса, кузги шудгорда тупроқ яхши уваланади, кесак кўчмайди, дала сатҳи текис чиқади. Суғориладиган майдонларда шудгорлашдан олдин ер ҳайдашга тайёрланиб олинади, яъни мавсумий суғориш шохобчалари текисланади, экин поя ва қолдиқлари йиғиб олинади, ерга органик ўғитларнинг тўлиқ йиллик миқдори ва фосфорли ўғитларнинг 70 фоизи солинади. Тупроқ намлиги максимал дала нам сиғимига нисбатан 40-60 фоизи бўлгандагина ер сифатли ҳайдалади ва унинг чуқурлиги 40 сантиметр бўлиши лозим.
Қайд этиш жоиз, шудгорлаш ишларини сифатли ўтказиш ва мазкур агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда якунлаш борасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан тизимли мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-9736]
– Жорий йилдаги ўрганишларга кўра, вилоят бўйича жами 129 минг 480 гектар майдонни кузги шудгордан чиқариш режалаштирилган, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилояти бошқармаси катта инспектори Санжар Мирзакаримов. – Бугунги кунга қадар 63 минг 359 гектар ерда шудгорлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 388 та юқори унумли ҳайдов тракторлари жалб этилди. Бу борада инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 730 та фермер хўжалиги ва кластерларнинг 37 минг 359 гектар ер майдонларида назорат тадбирлари ўтказилди.
Декабрь, яъни қиш фасли кириб келишига 1 ҳафта ҳам қолмади. Аммо, бу кетишда шудгорлаш ишлари Жиззах вилоятида 1 декабрда ҳам поёнига етмайди. Назорат тадбирлари давомида шудгор ишлари муддатида бажарилмай, пайсалга солингани, сифатсиз ёки тўлиқ контур ҳосил қилмасдан шудгор қилингани, саёз, ёхуд шудгорланган-у, аммо сертификат асосида қабул қилинмаган, ёқилғи етказиб беришдаги хато ва камчиликлар аниқланди. Ҳолатлар юзасидан 730 нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари расман огоҳлантирилган. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликларга 6 та тақдимнома киритилган.
Хулоса ўрнида ушбу агротехник тадбирларга жиддий масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Ахир, халқимизнинг “Ер ҳайдасанг, куз ҳайда – куз ҳайдамасанг, юз ҳайда”, деган мақоли бежизга айтилмаган. Зеро, кузги шудгор – ҳосилдорлик гаровидир.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА