Жиззахда «Sambhram» университети ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жиззах шаҳрида «Sambhram» университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Ҳиндистон компаниялари иштирокида Жиззах шаҳрида «Sambhram» университети ташкил этилди.
Маълумки, юртимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида талабалар контингенти ўртача 3 баробаргача ошди, қабул квоталари кўпайди, бакалавриат ва магистратурага қабул жараёнлари шаффофлашди. Натижада ўқишга истеъдодли ва қобилиятли ёшларни қабул қилиш тизими яратилди. Шунингдек, халқаро рейтингларда юқори кўрсаткичларга эга бўлган нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилмоқда. Бу эса мамлакатимиз ёшларининг олий таълим олишга бўлган интилишларига янада қанот бағишламоқда.
Нодавлат олий таълим ташкилоти сифатида ташкил этилган «Sambhram» университети ҳам талаба бўлиш орзусидаги ёшлар учун яна бир имконият эшикларидан бири ҳисобланади. Университет ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлашга қаратилган бўлиб, мазкур йўналишда фаолиятини йўлга қўяди.
Қарорга кўра, университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида ўзбек, инглиз ва рус тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари университет томонидан белгиланади. Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратилади. Бу талабаларнинг 5 фоизини бепул ўқитиш, 5 фоизига 50 фоизли, 10 фоизига 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этилишини англатади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА