Жиззахда ОАВ вакиллари қутланди
Жиззахда шаҳар ҳокимлиги томонидан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан уюштирилган тадбирда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фахрий журналистлар, соҳаларда фаолият юритаётган ахборот хизмати вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов иштирокчиларни касб байрами билан қутлаб, Президентимизнинг матбуот ходимларига сана муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда Жиззах шаҳар Халқ қабулхонаси мудири И.Ҳазратқулов ва журналистлар сўзга чиқиб, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари масъулияти, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури асосида оммавий ахборот воситалари ходимларининг олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида тўхталди.
Касб байрами муносабати билан ташкил этилган тадбир ниҳоясида бир гуруҳ фахрий журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳаларда фаолият юритаётган ахборот хизматлари вакиллари ва блогерларга ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
[gallery-2950]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА