Жиззахда ихтисослаштирилган таянч мактаби очилди
Жиззах шаҳрида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур мактаб нима мақсадда ташкил этилди ва ўқувчи-ёшларга нима беради?
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган узлуксиз тизим яратиш учун юртимизда кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Вилоят марказидаги 8-умумтаълим мактаби негизида информация ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таълим муассасасининг ташкил этилиши давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган ушбу вазифанинг амалдаги ижроси бўлди.
Мактабнинг очилиш маросимида Жиззах вилоят ҳокими Э.Солиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қ.Юлдашев, Халқ таълим вазир ўринбосари Р.Каримжонов, ота-оналар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар мактабнинг информатика ва робототехника, киберспорт, математика, инглиз тили хоналарида, рақамли кутубхона ва конференция залларида яратилган шароитлар билан танишди. Мактабнинг барча синфхоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун қулай барча қулайликлар яратилган.

Тадбир қатнашчилари ушбу таълим муассасасининг ташкил этилиши мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама чуқур ва мустаҳкам билим олишлари, айниқса, аниқ ва табиий фанларни пухта эгаллашлари учун қилинаётган ғамхўрликнинг амалий ифодаси эканлиги эътироф этишди.
Т.Бекназаров, ЎзА