Жиззахда ғалла ўрим-йиғими қизғин бормоқда (+видео)
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам ғалла пишиб етилди. Вилоятнинг чўл туманларида етиштирилган ҳосилга аллақачон ўроқ тушиб, хирмонлар кўкка қараб бўй чўзаётган бўлса, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларининг тоғолди ҳудудларида бугун-эрта ўрим бошланади.
Ўрим сал кейинроқ бошланадиган Бахмал, Зомин ва Янгиобод каби тоғли туманларда эса барча зарур воситалар ўримга шай қилиб қўйилган.
Ўтган йилнинг куз мавсумида вилоят деҳқонлари жами 90 минг гектар ерга ғалла уруғи қадаб, вақтида ўтказилган агротехник тадбирлар самарасида ҳар йилгидан мўл ҳосил етиштирилди ва жорий қишлоқ хўжалик йилида 55 та ғаллачилик кластери ва 3210 та ғаллачилик фермер хўжалиги ғаллакорлари давлатга 216 минг 600 тонна дон сотишни режалаштирган.
Ўрим-йиғимни кўнгилдагидек амалга ошириш мақсадида ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан бириктирилган 510 нафарга яқин масъул ходим 152 та отрядда ҳосил ўрим-йиғимини кўнгилдагидек ўтказишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ана шу отрядларда вилоят бўйича жами 293 дона “Кейс”, “Класс”, “Нью-Холланд”, “Доминатор–130”, “Виктор” русумидаги юқори унумли комбайн операторлари астойдил тер тўкишаётир. Ўрим-йиғим мавсуми давомида техника воситаларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни дала бошида бартараф этиш мақсадида 90 та кўчма устахона ташкил этилган.
Шунингдек, ўрим-йиғим бўлаётган ғалла майдонларига ёқилғини ташиб етказиб бериш учун 119 дона ёқилғи ташиш воситаси ажратилган. 1505 дона юк ташиш автомобили ҳайдовчилари ўриб-янчилган ғаллани дон қабул қилиш пунктларига пешма-пеш етказаётир.
Ўрим мавсуми давомида вилоятда туну кун фаолият юритаётган “Ғалла – 2024” штаби мутасаддиларининг тавсиясига биноан ўрим-йиғимда пешқадамлар сафида бораётган Пахтакор тумани ғалла далаларига хизмат сафари уюштирдик.
Пахтакор тумани миришкорлари бу йил шартнома бўйича давлатга 30 минг 760 тонна дон сотишни режалаштирган.
Шу кунларда Пахтакор туманидаги 241 та ғаллачилик фермер хўжалигида 12 минг гектар майдонга экилган дон ҳосилини 22 та отрядга бириктирилган 46 та комбайннинг 92 нафар оператори 18-20 иш кунида ўриб-янчиб, 140 та юк ташиш автомобили ёрдамида нес-нобуд қилмасдан ғалла қабул қилиш омборига етказмоқда.
Булардан ташқари, 12 та ёқилғини дала бошига етказиб бериш воситаси ҳамда 4 та кўчма устахона ўрим-йиғимда қатнашаётган техника воситалари хизматида кечаю кундуз шай турибди.
– Ўтган йилнинг куз мавсумида уюшмамизга қарашли 31 та ғаллачилик фермер хўжалиги жами 1500 гектар майдонга серҳосил ғалла уруғи экиб, маҳаллий ва менерал ўғитларни ўз вақтида бериб, сувдан тежаб-тергаб фойдаландик, – дейди “Пахтакор” фермер хўжаликлари уюшмаси раиси Ботир Қодиров. – Ҳар гектар ғалла майдонидан 65-70 центнердан ҳосил кўтариб, давлатга 4700 тонна дон сотишни режалаштирганмиз. Уюшмамиз тасарруфидаги фермер хўжаликлари ҳар гектар ердан 80-85 центнердан ҳосил кўтариб, давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини 2-3 иш кунида 120 – 130 фоиз қилиб адо этди. Хўжалигимизда ғалла ўрим-йиғимини 8 та комбайнда, 16 нафар комбайн операторлари ёрдамида 12 иш кунида якунлашни мақсад қилганимиз.
[gallery-17787]
– Бошқарувимдаги ушбу “Кейс” ғалла ўрим комбайнида 2 йилдан буён ишлаб келаяпман, – дейди тумандаги энг илғор комбайн оператори Ўринбой Ёдгоров. – Бу йил ҳосил ҳар йилгидан мўл етиштирилибди. Ҳар куни 110-120 тоннадан ошириб, юқори сифатли ғаллани ўриб- янчиб, давлатимизнинг юксак ғалла хирмонига ўз улушимни қўшаяпман. Ўрим-йиғимни қисқа фурсатларда ва сифатли ўтказишимиз учун бизга барча шароит яратиб берилган. Эрталаб тўйимли нонушта, тушлик ва кечга иссиқ овқат соатма-соат етказиб турилибди. Дам олиб ҳордиқ чиқаришимиз учун ҳам тўла шароит мавжуд. Ўтган йили ана шу комбайнимда 1500 тонна ғаллани ўриб-янчиб берган бўлсам, жорий мавсумда 2000 тонна хирмон уюшни мақсад қилганман. Ана шу эзгу мақсад йўлида бор куч-ғайратимни аямай меҳнат қилишга ваъда бераман.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yPNBYEFfg-c" title="Jizzaxda gʻalla oʻrim-yigʻimi qizgʻin bormoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Биз қуёш тиғи қайтганидан сўнг, пахтакорлик миришкорлар ишларига омад, хирмонларига барака тилаб, шаҳарга қайтдик.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари