Жиззах вилояти янгиликлари – қисқа сатрларда
Зомин тумани 2-сон касб-ҳунар мактабининг 254 нафар битирувчи ўқувчисига эгаллаган мутахассисликлари бўйича диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда ўқув йили жараёнида интизоми ва билимга чанқоқлиги билан намуна бўлган энг фаол ўқувчилар, уларга таълим беришда муносиб ҳисса қўшган фидойи устоз ва мураббийларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Зафаробод туманида агротехника тадбирларини ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари О.Ашурматов, туман ҳокими Н.Раджапов ва қишлоқ хўжалигига оид корхона ва ташкилот вакиллари иштирок этди.
Тумандаги 266 та фермер хўжалиги тасарруфидаги экин майдонларининг пахта ҳосили учун чигит экилган 9 минг гектар ерда ишчи гуруҳи томонидан пахта агротехникасини ўрганиш, ҳосилдорликни ошириш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Жиззах вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан Дўстлик туманида ташкил этилган ўқув курсининг тикувчилик йўналишини муваффақиятли тамомлаган ҳар бир сектордан 10 нафардан хотин-қизга сертификатлар топширилди.
Тикувчилик касбини эгаллаган бу аёллар бандлигини таъминлаш, яшаш ҳудудига қараб секторлар раҳбарлари зиммасига юклатилган. Энди уларнинг ҳам даромад манбаи бўлади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Бахмал туман бўлинмаси ва туман мактабгача таълим бўлими ҳамкорлигида тумандаги оилавий МТТ ходимлари иштирокида “Огоҳлик давр талаби!” мавзусида тадбир ўтказилди.
Унда ёш авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаси, ёшлар қалбида ўз халқи, ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш ва муносиб ҳимоя қилиш ҳар фуқаронинг устувор вазифаси эканлиги айтилди.

Мирзачўл туманида “Миллий анъана ва қадриятлар” мавзусида нуроний онахонлар, фидойи аёллар, маҳалла хотин-қизлар фаоллари ва раҳбар аёллар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Унда иштирокчилар миллий қадриятларимиздан алла, келин салом айтиш ва қадимги чолғу асбоби чанқовуз чалиш борасидаги маҳоратларини намойиш этиб, ёшларга бу борада сабоқ берди.
Шароф Рашидов туман касб-ҳунар мактабида профессионал таълимни ривожлантириш борасида жорий йил 15 июнь куни Президентимиз раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юклатилган топшириқлар ижросига қаратилган тадбир бўлиб ўтди.

Унда касб-ҳунар мактабида профессионал таълимни ривожлантириш ҳамда дуал таълимни йўлга қўйиш масалалари кўрилди.
Жиззах вилоят адлия бошқармаси ва Пахтакор туман адлия бўлими ва юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари ҳамкорлигида электрон тизим бўйича янгидан қамраб олиниши назарда тутилган давлат ташкилотлари, умумий таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва оилавий поликлиникаларнинг ходимлари иштирокида ўқув семинари ўтказилди.
Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида “UNICON-SOFT” МЧЖнинг масъул мутахассислари давлат ташкилотлари, уларнинг қуйи тизими томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларни “E-Huquqshunos” электрон тизимига бириктириш, улар билан ишлаш, ҳуқуқий хулосалар олиш тартиби ва масалалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА