Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Зомин туманида ёшларнинг замонавий касбларга қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий қобилияти ва амалий маҳоратини юзага чиқаришга қаратилган “Замонавий касблар” танлови ташкил этилди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган ушбу беллашув ёшларнинг рақамли технологиялар соҳасидаги билимларини синовдан ўтказиш учун ўзига хос майдон бўлди.

Иштирокчилар график дизайн, веб-сайт яратиш ва мобилография йўналишларида ўз иқтидорларини намоён этиб, замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини кўрсатдилар. Бугун рақамли саводхонлик ва замонавий касбларни пухта эгаллаш ёшлар учун янги имкониятлар сари йўл очмоқда.

Шу маънода, бундай танловлар иқтидорларни кашф этиш, янги ғояларни қўллаб-қувватлаш ва келажак мутахассисларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Зоминдаги бу каби ташаббуслар билимли, ташаббускор ва замон талабларига мос ёшлар камолотига хизмат қилади.
***
Дўстлик туманида аҳоли муаммоларини бевосита жойида ўрганиш, фуқаролар мурожаатларини тинглаш ва уларнинг ечимига амалий кўмак беришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Республика ишчи гуруҳи аъзолари навбатдаги ўрганишни Саритепа маҳалласида ўтказиб, хонадонларда бўлдилар ва аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди.

Учрашувларда фуқароларни қийнаётган ижтимоий-маиший масалалар, иш билан таъминлаш, кундалик эҳтиёжлар ва бошқа долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли билдирган мурожаат ва таклифлар тингланиб, уларни ҳал этиш имкониятлари масъуллар билан биргаликда кўриб чиқилди. Айрим масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгиланиб, зарур чораларни кўриш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Бундай хонадонбай мулоқотлар одамларнинг дарду ташвишларини яқиндан билиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечимини назоратга олиш имконини беради. Энг муҳими, аҳоли билан очиқ мулоқот ўрнатиш орқали мурожаатларнинг амалий ечимини топишга замин яратилади.
***
Бахмал туманида киберхавфсизлик масаласида тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Унда “АПК Қўриқчи” платформасини амалиётга кенг жорий этиш, унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, интернет фирибгарлигининг усуллари ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ва “Ҳумограм” дастури афзаллиги тушунтирилди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида 1-сон техникум ҳамда тумандаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари иштирокида учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари хусусида сўз борди.

Ўқувчиларга қонун талабларига риоя қилиш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда таълим-тарбияга масъулият билан ёндашиш кераклиги тушунтирилди.
***
Дўстлик тумани “Нуронийлар” жамғармасида Республика ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Белгиланган режа-график асосида ташкил этилган мулоқотда навбатдаги вазифалар, режалаштирилган чора-тадбирлар ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжларига эътибор қаратиш ва ғамхўрлик ишларини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Нуронийларни эъзозлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаси ва жамият тараққиётига қўшган ҳиссасини қадрлаш эзгу қадриятларимизнинг муҳим ифодасидир.

Учрашув якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, режалаштирилган ишларнинг натижадорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири