Жиззах политехника институтида “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.


Тадбирда вилоятда ёшлар, айниқса талабалар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, шунингдек йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Қонун устувор бўлган мамлакатимизда ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррарлиги ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.
***
Фориш туман ҳокими Икром Матиев ва туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Комилжон Каримов тумандаги фермер хўжаликлари раислари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда фермерларни қийнаётган муаммолар ўрганилди, уларга ечим изланиб, мутасадди ташкилотларга керакли кўрсатмалар берилди.


Шунингдек, фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволини юксалтириш, чорва моллар наслини яхшилаш ҳисобига унинг маҳсулдорлигини ошириш, бозорга арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш, экиндан бўшаган майдонларга такрорий экин экишни якунлаш ва такрорий экинлардан юқори ҳосил олишга эришиш юзасидан фикр алмашилди.
***
Президентимизнинг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Зарбдор туманидаги ёпиқ сув саройида спортнинг сув полоси тури бўйича очиқ биринчилик мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Жиззах шаҳар сув спортига ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси ғолиб бўлди. Қўшни Сирдарё вилояти сув полоси жамоаси 2-, мезбон Зарбдор туман ёшлари 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Зомин тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан туманда қурилиши давом этаётган “Артел” биносида хавфсизлик бўйича профилактик назорат тадбири ўтказилди.


Қурилиш майдони кўздан кечирилиб, ишчи-ходимларга меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидалари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди ва махсус йўриқномалар берилди. Мазкур тадбирлар қурилиш жараёнларининг хавфсиз ва белгиланган талаблар асосида олиб борилишини таъминлашга хизмат қилади.
***
Дўстлик ва Зафаробод туманлари фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан аҳоли яшаш хонадонлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган назорат-профилактик тадбирлар ўтказилди.


Тадбирлар давомида фуқаролар, ишчи ходимлар ва масъул шахсларга амалдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳамда талаблари юзасидан кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ўтказилган профилактик тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги юзасидан аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири