Жиззах вилоят адлия бошқармаси Зомин туман адлия бўлими билан ҳамкорликда 30 нафардан ортиқ жиззахлик ўқувчи-ёшларнинг “Zomin Sunrise” оромгоҳида самарали дам олишларини таъминлашганди.
Зомин осмонўпар тоғларида жойлашган, гўзал манзарали ушбу оромгоҳда болажонлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Туман адлия бўлими ходимлари оромгоҳда бўлиб, дам олаётган болаларнинг яшаш ва машғулот шароитлари билан танишишди. Шунингдек, оромгоҳ маъмурияти билан ҳамкорликда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш юзасидан ўз таклиф, мулоҳазаларини билдиришди.
***
Президентимизнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида маҳаллаларда кексаларни спортга жалб қилиш, улар учун турли спорт тадбирларини ташкил этиш ишлари изчил давом этмоқда. Жумладан, Нуроний” жамғармаси Зафаробод туман бўлими томонидан фахрийлар ўртасида шахмат бўйича туман биринчилиги мусобақаси ўтказилди.

Нуроний отахонлар ўртасидаги беллашувлар шиддатли ва муросасиз руҳда ўтиб, иштирокчилар ўртасида нафақат соғлом рақобат, балки дўстлик ва жамоавий ҳамжиҳатлик муҳити яратилди.
Тадбир қатнашчилари катта руҳий қувват олдилар ва спорт фақат ёшлар учун эмас, балки нуронийлар учун ҳам соғлом ва фаол ҳаёт тарзини таъминловчи муҳим омил эканини яна бир бор исботладилар.

Турнир ғолиблари ва энг фаол шахматчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
***
“Долзарб 90 кун” тадбири ва “Ёшлар ойлиги” доирасида Фориш туманида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бунга бир мисол тариқасида, Жиззах вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси ва унинг Фориш туман бўлими томонидан “Мен қутқарувчиман” шиори остида бўлиб ўтган спорт мусобақасини айтиб ўтиш мумкин.

Мазкур мусобақага туманнинг Сайёд маҳалласида жойлашган “Зангори олов” болалар оромгоҳи дам олувчилари жалб этилиб, улар ўзаро жисмоний тайёргарлик, чаққонлик, тезкорлик ва билим даражалари бўйича синовдан ўтказилди.
Мусобақа якунида фаол иштирок этган болалар, шунингдек, ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
***
Жиззах шаҳар адлия бўлими ва Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Зукко китобхон” танловида шаҳарнинг 8 та маҳалласидан келган минтақавий босқичнинг ғолиб ёшлари иштирок этишди.

Танлов давомида иштирокчилар бадиий, тарихий ва маънавий адабиётлар бўйича билимларини синовдан ўтказишди. Танлов натижаларига кўра, Жиззах давлат педагогика университетининг тарих йўналиши талабаси Жамшид Нормуратов танлов ғолиби деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
***
Ғаллаорол туманида 34 та маҳалла фуқаролар йиғинларига янги сайланган ва қайта сайланган раисларга гувоҳномалар ҳамда кўкрак нишонлари туман ҳокими иштирокида тантанали равишда топширилди.
Мазкур тадбирда маҳалла раисларининг келгуси фаолиятига бўлган ишонч, уларнинг елкасига юклатилган масъулият ва вазифалар борасида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
***
Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги 1-, 8, 10-, 12-, 13-, 16- ва 19-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ёзги таътил даврини самарали ташкил этиш мақсадида информатика, санъат, адабиёт, касб-ҳунар, спорт ва соғломлаштириш тўгаракларида машғулотлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
Ушбу машғулотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – ўқувчиларда рақамли технологияларни ўзлаштириш, компьютер саводхонликларини ошириш, ахборот технологияларини мукаммал ўзлаштириш, адабиёт, санъат, спортга бўлган қизиқишларини кучайтириш, шунингдек, уларни замонавий касбларга йўналтиришдан иборат.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири