Фориш туманидаги “Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида хитойлик инвесторлар томонидан қуввати 500 МВТ бўлган қуёш фотоэлектр станцяси бунёд этилмоқда.
Умумий лойиҳа қиймати 450 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу станция ишга тушгач, 450 та янги иш ўрни яратилади.

***
Ғалла ўрим-йиғими бошланиши олдидан Арнасой туманида қишлоқ хўжалиги ташкилотлари мутасаддилари билан ўтган йиғилишда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи ва вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Арнасой тумани ҳокими мавсумни қисқа муддатда, самарали ва беталофат ўтказиш зарурлиги юзасидан мутасаддилар зиммасига аниқ топшириқ ва вазифалар юклади.
Шунингдек, ўрим комбайнлари ва ташиш техникаларининг мавсумга шайлиги, дон қабул қилиш шохобчаларида олиб борилган ишлар, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш борасида амалга оширилган чоралар билан яқиндан танишилди.


***
Зафаробод тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1-сонли умумтаълим мактабида замонавий кутубхона очилди.
Шу мактабни 2000 йилда битирган собиқ ўқувчилар томонидан амалга оширилган бу иш ўсиб келаётган ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Кутубхонага 15 миллион сўмлик 52 турдаги 448 дона китоблар тўплами ҳамда 35 миллион сўмлик кутубхона жиҳозлари совға қилинди.
***
Зомин тумани “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида узум етиштириш билан шуғулланаётган фуқаролар учун ташкил этилган амалий семинарда тажрибали агрономлар токларни тўғри парваришлаш, уларга мавсумий агротехник ишлов бериш, зараркунандаларга қарши курашиш, тўғри суғориш ва озиқлантириш бўйича батафсил маълумотлар беришди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ҳосилдорликни ошириш бўйича ҳам атрофлича тавсиялар берилиб, амалий кўргазмалар ўтказилди.
Мазкур семинар узум етиштириш билан шуғулланаётган аҳоли вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни илмий асосда агротехник тадбирларга йўналтиришга хизмат қилади.
***
Дўстлик туманида замонавий ёпиқ спорт мажмуаси қурилиши жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.
Мазкур мажмуа жаҳон андозаларига мос равишда лойиҳалаштирилган бўлиб, у ёшлар ва спорт мухлиси бўлган аҳоли учун бир вақтда бир неча спорт турлари билан шуғулланиш имконини яратади. Бинода мини-футбол, волейбол, баскетбол, кураш, стол тенниси каби спорт турлари учун алоҳида заллар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Қурилиш ишлари белгиланган муддатда якунига етказилиши ва мажмуанинг яқин вақтларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири