Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод туманидаги “Баландчақир деҳқон бозори” МЧЖ томонидан “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида чекка қишлоқ ва маҳаллаларда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ва Рамазон ҳайити олдидан Қўшқанд ва Учтургон қишлоқларида ташкил этилган кўчма савдо ярмаркасида ҳам кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига мақбул нархларда етказиб берилди.
Аҳолининг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш, нарх-наво кескин ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган ушбу кўчма ярмаркаларда сифатли ва сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, тухум, гўшт, ун каби кўплаб турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорларга тақдим этилмоқда.
***
“Оғир ҳудуд” дея эътироф этилган Арнасой туманидаги Бобур маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси вакили Сардор Бегматов, Жиззах вилоят статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ғулом Тангриев, туман ҳокимлиги, тумандаги Халқ қабулхонаси мудири, “маҳалла еттилиги”ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Унда аҳоли томонидан 19 дан ортиқ оқар сув таъминоти, солиқ, кредит, кадастр, соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам, иш билан таъминлаш бўйича мурожаатлар бўлди. Ана шу мурожаатларнинг 4 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 3 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди.Қолган мурожаатлар ечими вақт талаб этгани боис, тегишли соҳа вакиллари зиммасига юклатилди. Масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратига олинди.
***
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги “Давлат қўриқхоналари ва миллий табиат боғи ҳудудларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Фориш туманидаги “Нурота” давлат қўриқхонасининг ҳудуди кенгайтирилиши маълум бўлди.
Қарорга кўра, қўриқхона ҳудуди Фориш туманидаги захира ерлари ҳисобидан 1173,1 гектар, Фориш давлат ўрмон хўжалигидан 270 гектар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига тегишли Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Пангат ҳудудидан 1657,41 гектар, Пойариқ тумани ҳудудидан 4265,97 гектар ерлар ҳисобига кенгайтирилиб, умумий ер майдони салкам 22 минг 18 гектарга етказилиши белгиланди.
Шунингдек, давлат қўриқхонасининг асосий майдонига туташ 17145 гектардан ортиқ ер майдони қўриқланадиган зоналар этиб белгиланди. Бу саъй- ҳаракатларнинг барчаси ҳудуддаги мавжуд ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
***
Зомин туман прокуратураси ташаббуси билан тумандаги “сариқ” тоифадаги Улуғбек маҳалласида туман ИИБ, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар иштирокида Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитлар, криминоген вазиятга таъсир қилаётган омиллар атрофлича ўрганилиб, келгусида маҳалла ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва манзилли профилактика ишларини йўлга қўйиш борасида аниқ кўрсатма ва таклифлар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида маҳаллада давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 майдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан ҳам энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишда ҳамкорликдаги ишларни жадаллаштириб, рейд тадбирлари самарадорлигини ошириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
***
Зафаробод туманида Жиззах вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва вилоят ИИБ томонидан йиғилиш ўтказилди. Мажлисда қишлоқ хўжалиги, ер ресурлари билан боғлиқ қонунбузарликлар ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар аниқ мисолларда кўрсатилиб, ердан мақсадли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилиниб, “Йўл харита”сида белгиланган вазифалар ўз муддатида сифатли ижро этилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
***
Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари Наврўз умумхалқ байрами ва Рамазон ҳайити арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уларга тенглаштирилган кишилар ва меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олди.
Вилоят ФВБ раҳбарияти Жиззах воҳасида истиқомат қилувчи 3 нафар 2- жаҳон уруши меҳнат фронти фахрийси хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбат ўтказди. Ушбу учрашувлар давомида фахрийларнинг эҳтиёж ва таклифлари ўрганилди, уларга эсдалик совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
[gallery-22418]
А.Қаюмов, ЎзА мухбири