Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Фориш туманининг энг узоқ ва чекка “Илонли” маҳалла фуқаролар йиғинида пиллачиликни ривожлантириш, шу ҳисобидан аҳоли бандлигини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шунинг учун ҳам “Илонли”да пиллачилик соҳасининг асосий озуқа базаси бўлган тутчиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда маҳалла аҳолиси томорқалари четига, ариқ бўйларига экиш ва тут плантациялари яратиш мақсадида аҳолига тут кўчатлари тарқатилмоқда. Бу билан узоқ масофадан пилла қурти учун тут барги ташишга чек қўйилиб, ипак қуртлари озуқаси тез ва сифатли тарзда етказиб берилиши таъминланади.
***
Ғаллаорол туманининг маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ариқ зовурлар, кўча четлари турли хил чиқиндилардан тозаланиб, уйларнинг ташқи деворларини оқлаш ишлари амалга оширилмоқда ҳамда томорқалар шудгорланиб, йўл ёқалари ободонлаштирилаяпти.
Тумандаги “Яшнаобод” МФЙда эса “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш тарзини, фаровонлигини ошириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
“Тозауруғ” МФЙда ҳам кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Маҳаллада ободлик йўлидаги тадбирлар доирасида дарахтларга ишлов берилиб, томорқалар шудгорланмоқда, йўл ёқалари ободонлаштирилмоқда.
***
Зомин туманидаги “Ёшлик” МФЙда ҳам “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу маҳаллада ободонлаштириш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, аҳоли хонадонлари, ҳовли жойлар, кўчаларни, ижтимоий соҳа объектлари атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Хонадонлардаги томорқаларга кўчат экилиб, ишлов берилиб, шунингдек, деворлар оқланмоқда.
***
Шароф Рашидов тумани “Нурафшон” МФЙда инфратузилмани янада яхшилаш ҳамда аҳолини мунтазам оқар сув тизими билан таъминлаш мақсадида марказий Сангзор ва Мулкдорлар кўчаларида 4,7 километр узунликдаги оқар сув тармоқлари янгиланмоқда. Бу каби хайрли ташаббуслар юртдошларимизнинг томорқадан мўл ҳосил олиши, ўз даромадларига эга бўлишига ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
Тумандаги “Пастки Сулоқли” МФЙда эса маҳалла аҳли иссиқхоналардан самарали фойдаланиш борасида барча бир ёқадан бош чиқариб, ўз томорқаларига ишлов беришга алоҳида эътибор қаратаётир.
“Совунгарлик” МФЙда эса кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш тадбирлари олиб бориляпти. Маҳалла аҳли ҳам бу каби эзгу саъй-ҳаракатларга қўшилиб, ўз хонадонлари, унинг чор-атрофини таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этаётир.
***
Жиззах шаҳар ҳокимлиги масъуллари ҳамда “Кимёгар” МФЙ раиси биргаликда ҳудудда ижтимоий аҳволи оғир бўлган хонадонларда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлар ўтказмоқда.
Рамазон ойидаги ўрганишлар жараёнида оилаларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилиши белгиланди.
Ўрганишлар келгусида ҳам давом эттирилиб, муҳтож оилаларга мунтазам ёрдам кўрсатиш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
[gallery-22189]
***
Янгиобод туманида Президентимизнинг “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ёшларга даромад манбаи яратиш мақсадида ер майдонлари ажратиш ишлари давом этмоқда.
Ёшлар ишлари ҳамда Кадастр агентлиги туман бўлимлари томонидан маҳаллаларда ёшлар учун деҳқон хўжалиги сифатида ажратилган ер майдонлари тақсимоти ўтказилди.
Шунингдек, ёшларга ерлардан оқилона фойдаланиш ва имкониятдан келиб чиқиб юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш борасида тавсиялар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири