Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ғаллаорол тумани адлия бўлими томонидан “Узунбулоқ” ва “Хонимқўрғон” МФЙлар ҳамда ушбу ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш мақсадида ўтказилаётган тадбирларга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ўқувчи-ёшлар кенг жалб қилинаётир.
[gallery-21916]
Тадбирларда фирибгарлик учун жазо муқаррар эканлиги қонун ҳужжатлари билан тушунтирилиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилмоқда.
***
Фориш туман санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ходимлари “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий этилаётган туманнинг “Учма” МФЙ Деристон қишлоғида аҳоли ўртасида турли юқумли касалликларнинг олдини олиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш юзасидан тарғибот тадбирларини ўтказди.
Ушбу тадбирда қўлбола усулда тайёрланган ва сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслик, ботулизм касаллиги ва унинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.
Аҳолига турли юқумли касалликларнинг олдини олиш мавзусидаги тарғибот материаллари ва буклетлар ҳам тарқатилди. Қишлоқдаги 20-сонли умумтаълим мактаби ҳамда аҳоли хонадонларида юқумли касалликларга қарши зарарсизлантириш ишлари бажарилди.
***
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига асосан туризм объектларида ижодий жамоаларнинг театрлаштирилган томоша ва концерт дастурларини ташкил этиш вазифаси белгилаб қўйилган.
Зомин тумани маданият бўлими тасарруфидаги “Зомин сайқали” фольклор- этнографик халқ ансамбли “Зомин” санаторияси ҳудудида жойлашган “Суффа – 2400”, “Дор йўли” ва “Бахт кўприги” туризм объектларига ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун театрлаштирилган концерт дастурини намойиш этди.
Тадбир хорижий ва маҳаллий туристларга хуш кайфият бағишлаб, ижобий таассурот қолдирди.
***
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида таълим муассасалари ва аҳоли хонадонларида уй ҳайвонларини сақлаш тартиби ва уларда учрайдиган турли юқумли касалликлар билан касалланишнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари уюштирилмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат ва деҳқон бозорларида олиб борилган назорат тадбирларида ветеринария-санитария тартибига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилиб, номаълум шароитда тайёрланган маҳсулотлар сотилишининг олди олинаяпти. Ўз навбатида белгиланган талабни бузганларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилаяпти.
Бундан ташқари, фуқароларнинг чорва моллари ва уй ҳайвонларини эмлаш ишлари ҳам назоратга олинган.
***
Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов Мирзо Улуғбек маҳалласида истиқомат қилувчи ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшлар иш билан таъминлаш, таълим олиш, спорт ва маданий тадбирларда фаол иштирок этиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ўз фикрларини баён этди.
Жиззах шаҳар ҳокими ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратиб, мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири