Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Пахтакор тумани Оқбулоқ маҳалласида Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги сув хўжалиги ташкилотлари томонидан ташкил қилинган ёрдамчи хўжаликда ўрдак етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида панжаралар ўрнатилиб, бўёқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Сув хўжалиги вазирининг 2024 йил 8 октябрдаги йиғилиш баёнига кўра сув хўжалиги тизимидаги ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни тизимли равишда қўшимча рағбатлантириш мақсадида ёрдамчи хўжаликларни ташкил қилиш ҳамда уларга ажратилган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сув хўжалиги объектларида бўш майдонлардан унумли фойдаланиш мақсадида паррандачилик ташкил қилинмоқда.
Бу ишчи-ходимларнинг оилаларига қўшимча ёрдам бўлади.
***
“BMB HOLDING” тизимидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари учун Тошкент давлат аграр университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан “Сабзавот кўчатларини етиштириш” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Мақсад холдинг тизимидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган корхоналар раҳбар ва ходимларининг сабзавот кўчатларини етиштиришдаги янгиликлар ва технологиялардан тўғри фойдаланиш бўйича малакаларини оширишдир.
Унда сабзавот экинлари кўчатларини етиштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, кўчат етиштиришда тупроқ аралашмасини тайёрлаш ва унга бўлган талаблар, кўчатхоналарни экишга тайёрлаш, микроиқлимни созлаш, сабзавот ва полиз экинларини етиштириш ҳамда унинг агротехникаси каби мавзуларда амалий машғулотлар ташкил этилди.
***
Жиззах вилояти ИИБ томонидан “қизил” тоифадаги маҳаллаларга бириктирилган вилоят ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, Жиззах шаҳар ИИБдан криминоген вазияти оғир маҳаллаларга бириктирилган масъул раҳбарлар учун семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майёр Ғайрат Қодиров маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирларни манзилли йўлга қўйиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш лозимлигини таъкидлади.
Семинар давомида 2024 йил якуни билан “қизил” тоифага киритилган Жиззах шаҳрининг Мирзо Улуғбек маҳалласи мисолида криминоген вазиятни барқарор сақлаш учун маҳаллага бириктирилган масъуллар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича тушунтириш берилди.
***
Жиззах вилоят прокурори ўринбосари А.Эсиргапов раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда миграция масалаларида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари ва “Яшил макон” лойиҳасини амалиётга самарали жорий этиш юзасидан тегишли масъулларга топшириқлар берилди ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Шунингдек, миграциядан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланган муддатларда айрим туманларда охирига етказилмаганлиги танқидий муҳокама қилиниб, мазкур топшириқ ижросини таъминламаган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
***
[gallery-21683]
Янгиобод туманининг “Хўжамушкент” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари асосида амалга оширилаётган тадбирлар доирасида маҳалла аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрик жарроҳ, уролог, невропатолог, травматолог, терапевт, педиатр, гинеколог, ултратовуш шифокори, эндокринолог, кардиолог, офталмолог, отоларинголог, стоматолог, онколог каби йўналишлардаги вилоят ва туман тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан олиб борилди.
Тадбир давомида 1765 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 272 нафарига аниқланган касалликлари бўйича йўлланмалар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири