Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан Жиззах вилоятида жорий йилнинг 10 январидан 20 мартига қадар канал ва зовурларни тозалаш юзасидан “Зарбдор 70 кунлик” эълон қилинди.
Ана шу муддат ичида вилоятдаги мутасаддилар зиммасига ҳудудлардаги 529 километр узунликдаги коллекторларни тозалаш вазифаси юклатилди. Бу ишларни бажариш учун 54 дона махсус экскватор жалб этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача иш жойига 30 га яқин қудратли техника воситалари чиқарилиб, улар ёрдамида қисқа вақт ичида 60 километрга яқин зовурлардаги ишлар якунига етказилди.
Вилоятнинг Мирзачўл туманида 7 та, Дўстликда 6 та ва Пахтакор туманида 5 та экскватор ишга солинган бўлиб, коллекторларни тозалаш ишлари жадал бормоқда.
***
Зомин туманидаги “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчи қизлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида эрта турмуш ва эрта туғруқнинг олдини олиш, хотин-қизларга яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар, касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар мавзусида суҳбат ташкил этилди.
Муҳокама ва мунозараларга бой тарзда ўтган давра суҳбати аввалида иштирокчиларга Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги “Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Шунингдек, тадбирда эрта никоҳ ва эрта туғруқларнинг зарарли ва салбий оқибатлари, эрта никоҳнинг олдини олишнинг аҳамияти, бунинг учун қандай чоралар кўриш мумкинлиги ҳақида сўз юритилди. Тадбирда мактабни битирувчи қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот ва йўналишлар берилди.
Эътиборлиси, бу каби тадбирлар тумандаги барча маҳаллалардаги умумтаълим мактабларида белгиланган жадвал асосида ўтказилмоқда.
***
Бахмал тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ва коммунал соҳа ходимлари томонидан қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ёнғинлар, табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ чақнаш, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатлари олдини олиш мақсадида олиб борилаётган профилактик тадбирларда мазкур йўналишдаги тарғибот ишларини кучайтириш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳа ходимлари томонидан ўзини-ўзи бошқариш органлари, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва АГТКШларда ишчи-хизматчилар ва фуқаролар билан фавқулодда вазиятларда ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, электр ва газ қурилмалари ҳамда маиший газ баллонларидан белгиланган тартибда фойдаланишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилди.
Аҳоли хонадонларидаги дудбуронлар назоратдан ўтказилиб, ностандарт ва қўлбола иситиш ускуна ва мосламалари олиб қўйилди.
***
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ишчи гуруҳи иштирокида Ғаллаорол туманида жойлашган “Сангзор текстил” МЧЖда корхона раҳбари ва вакиллари билан ўтказилган учрашувда божхона қонунчилигидаги янгиликлар тўғрисида маълумотлар берилиб, мавжуд муаммо ва таклифлар ўрганилди.
Ушбу корхона 2024 йил давомида 3 миллион 500 минг АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқариб, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Хитой давлатларига экспортни амалга оширган. “Сангзор текстил” МЧЖнинг асосий фаолияти пахтадан ип- калава ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, ҳозирги кунда 500 га яқин аҳолининг бандлиги таъминланган.
Шунингдек, учрашувда тадбиркорлик субъектлари учун божхонада яратилаётган қулайликлар, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг афзалликлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
***
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан ёшларни табиатга меҳрли ва экологик маданиятли, етук шахс этиб тарбиялаш мақсадида вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан “Табиатга меҳр” шиори остида “Экология билимдонлари” вилоят кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Танловни юқори савияда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 7 январида Жиззах вилояти ҳокимининг фармойиши қабул қилиниб, танлов Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Ёшлар ишлари, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармалари тизимидаги ўқувчи, талаба ва маҳаллалар ёшлари ўртасида жорий йилнинг 15 январидан 15 февралига қадар ўтказилиши белгиланган.
[gallery-21427]
Кўрик-танловнинг вилоят босқичи ўтказилиши жорий йилнинг 15 февралига режалаштирилган бўлиб, айни кунларда шаҳар ва туманлардаги умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар ва касбий таълим муассасаларида танловнинг қуйи босқичлари бўлиб ўтмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА