Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоят давлат архиви ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 апрелдаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳридаги “Сайилжойи” маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот тадбири ўтказди.
Тадбир давомида маҳалла фаоллари ва ёшларга архив соҳасидаги ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, архив ҳужжатларини рақамлаштириш ишлари ва соҳага инновацион технологияларнинг жорий этилганлиги алоҳида қайд этилди. Ўз навбатида фуқаролар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
***
Ўқувчиларнинг қишки таътилини мазмунли ташкил этиш мақсадида Бахмал туман ҳокимлиги ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг 50 нафар ўқувчиси учун Жиззах шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Ўқувчи ўғил-қизлар дастлаб шаҳардаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳамда Шароф Рашидов музейларини томоша қилди, сўнгра ўқувчилар вилоят марказидаги олий ўқув юртлари фаолияти билан таништирилди.
Куннинг иккинчи ярмида ўғил-қизлар Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилган театр томошасидан баҳраманд бўлишди. Саёҳат бахмаллик ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
***
Ғаллаорол туманида қиш мавсумини беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли, ташкилот ва муассасалар ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сифатли электр энергияси, табиий газ таъминотини ва ичимлик сувини узлуксиз етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳлари томонидан ўрганиш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳи томонидан туман марказидаги ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйлар ҳамда аҳоли хонадонларида юзага келган муаммолар аниқланиб, мутахассислар томонидан қисқа фурсатларда бартараф этилди.
***
Янгиобод тумани ҳокимлиги мажлислар залида туманда ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган йиғилишда маҳаллалар еттилиги аъзолари ҳамда соҳа масъуллари иштирок этиб, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ишлар сарҳисоб қилинди ва галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ушбу соҳада йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилиб, бу борада натижадорликка эришиш юзасидан еттилик аъзолари ва масъул раҳбарларга кўрсатмалар берилди.
***
Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати Оламгир Бегматов ҳамда O‘zLiDeР Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти “Аёллар қаноти” фаоллари ташаббуси билан туман тиббиёт бўлимига қарашли 22-оилавий поликникада Бобур, Файзобод, Оқтошота, Қораянтоқ, Туёқли маҳаллаларидаги кам таъминланган оилалаларда истиқомат қилувчи 100 нафар хотин-қиз учун навбатдаги бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Ушбу кўрик жараёнида хотин-қизларга керакли маслаҳатлар, шифохоналарда даволаниш учун йўлланмалар, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга доир тавсиялар берилди.
[gallery-21184]
А.Қаюмов, ЎзА мухбири