Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ётиб қолган беморлар ва нуроний отахон ҳамда онахонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилмоқда.
[gallery-21149]
Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Ҳайдаров ҳамда шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Олмос Гадоев ташаббуси билан шаҳарнинг Оққўрғонлик, Хайробод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли ва Шодлик маҳаллаларидаги эҳтиёжманд ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
***
Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов бошчилигидаги “маҳалла еттилиги” вакиллари тажриба алмашиш мақсадида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилган касаначилик маскани, “Янги Ўзбекистон” МФЙда эса кавракчилик билан яқиндан танишиб, тажриба ўрганди.
Маълумот ўрнида: илмий тилда номи “ферулла” бўлган каврак (ковул) ўсимлигини етиштириб, ҳосилини олиш яхши даромад келтирувчи бизнес тури бўлиб, Деҳқонобод аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бири кавракчилик ҳисобланади.
***
Зафаробод тумани оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан “Эътироф – 2024” тадбири ўтказилди. Тадбирда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ўз ҳиссасини қўшган, жамоатчилик ишларида фаоллик кўрсатган ва хотин-қизлар ўртасида намуна бўлиб келаётган бир қатор аёллар тақдирланди.
Туман ҳокими ўринбосари Шоҳида Мавлонова барча хотин-қизлар ўз мақсадларига етиши йўлида қўллаб-қувватланиши, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш муҳим эканлигини таъкидлади. Шунингдек, тадбирда қатнашган фаол хотин-қизларга эсдалик совғалар ва ташаккурномалар топширилди.
***
Президентнинг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов Зарбдор тумани “Нурафшон” МФЙда бўлиб, бу ерда “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллани оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишди.
Ҳудудда электр ва ичимлик суви тармоқларининг тортилиши, ички йўлларга шағал ётқизиш жараёни ўрганилди ҳамда масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, тумандаги “Янгикент” МФЙдаги “Кўк” ҳамда “Равот” МФЙдаги “Мангулик” қабристонларида бўлиниб, қабристонларни обод қилиш, маросимлар ўтказиш ҳамда зиёратга келувчи фуқароларга шарт-шароит ва қулайликлар яратиб бериш зарурлиги таъкидланди.
***
Мирзачўл тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов “Мустақиллик” МФЙда истиқомат қилувчи 11-синф битирувчиларининг ота-оналари билан учрашди.
Учрашувда ота-оналарга фарзандларининг таълим- тарбиясига эътибор қаратиш, ёшлар хорижий тилларни ва бирон касб-ҳунарни ўрганиши кераклиги тушунтирилиб, бунинг учун туманда барча шарт-шароит яратилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, туман ҳокими бошчилигида секторлар раҳбарлари миграциядаги ёшлар билан онлайн учрашди. Унда туман ҳокими сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларнинг таълим-тарбия олиши, тадбиркорликка йўналтириш, иш билан таъминланишида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, бу борада туманда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапирди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири