Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Зомин туманидаги Бахматчойи қишлоғида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қисқа фурсатда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда Бахматчойи қишлоғида электр энергияси таъминоти, ички йўллар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш юзасидан кенг кўламли ишлар бажарилди.
Туман ҳокими А.Абдуғаниев бажарилаётган ишларни назорат қилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди ва ижроси қатъий назоратда бўлишини таъкидлади.
***
“Мозийга саёҳат” дастури доирасида ўқувчи ва талаба ёшларнинг қишки таътил вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда уларда Ватанга муҳаббат туйғусини янада ўстириш, буюк сиймоларни ёд этиш, шунингдек, улар қолдирган улкан маданий меросни янада чуқур ўрганиш мақсадида вилоятдаги музей ва муқаддас қадамжоларга саёҳатлар уюштирилмоқда.
Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги 1-сонли политехникум ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлари Шароф Рашидов ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида бўлиб, ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган адибларга тааллуқли тарихий экспонатлар билан танишди.
Қишки таътил давомида бу каби хайрли тадбирлар вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ҳамда олий ўқув юртлари ўқувчи ва талаба-ёшлари билан ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
***
“Ғаллаоролтумангаз” газ таъминоти ходимлари томонидан ҳудуддаги табиий газ тармоқлари ва газ тақсимлаш пунктлари бирма-бир кўздан кечириб чиқилмоқда.
Ушбу профилактик тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – совуқ кунларда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий-иқтисодий объектларда табий газ таъминотида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишдир.
Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчилик ва муаммолар корхонадаги таъмирлаш бригадалари томонидан қисқа фурсатларда бартараф этилмоқда.
***
Янгиобод туман ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаётган маҳкум ёшлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.
Мулоқот давомида маҳкумларга жазони ўташ қоидалари, шартлари ва талабларига қатъий риоя қилишлари, қайта жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмасликлари, мабодо яна шундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари такрорланса, жазо чоралари жиддийлашиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шунингдек, туман ИИБ ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
***
Жиззах вилояти божхона бошқармаси масъуллари полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Aziya Plast Kapital” МЧЖда бўлиб, тадбиркорлар фаолияти билан танишди, уларнинг муаммоларини ўрганди ва бу муаммоларни бартараф этиш ҳамда бугунги кунда божхона соҳасида яратиб берилаётган қулайликлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берди.
2015 йилдан бери фаолият юритиб келаётган ушбу “Aziya Plast Kapital” МЧЖда айни пайтда 20 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакилларининг бандлиги таъминланган. Корхона ўз маҳсулотларини дастлаб маҳаллий бозорларга, бугунга келиб эса Қозоғистон давлатига ҳам экспорт қилмоқда.
Шунингдек, божхона масъуллари корхонанинг 60 фоиз электр-энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлаб берадиган 350 кВт қувватига эга бўлган қуёш панелларининг ишчи ҳолатини ҳам ўрганди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири