Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев Туркиянинг “Nеwcadе Projеct Managеmеnt” корхонаси бош директори Меҳмет Али Гедиз билан учрашиб, туман ҳудудида ҳамкорликда янги лойиҳани йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказди.
Хорижлик ишбилармон билан ўтган музокаралар давомида Янгиобод тумани ҳудудида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилиик, яшил энергия, саноат лойиҳаларини амалга ошириш ва яна бир қатор лойиҳалар бўйича келишувларга эришилиб, меморандум имзоланди.
***
Бахмал тумани ҳокимлиги фаоллар залида бўлиб ўтган тадбирда ҳокимлик мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, диний идоралар, маҳалла еттилиги, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-20469]
Мазкур тадбирда сўзга чиққанлар айни пайтга келиб мамлакатимиз ҳудудида жами 2357 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия бўлиб, уларнинг 2159 таси мусулмон ташкилоти, 197 таси ноисломий диний ташкилот сифатида расмий фаолият кўрсатаётганлигини қайд этди.
Шунингдек, ёшларни маънавий жиҳатдан соғломлаштириш, ижтимоий ҳаётга мослаштириш мақсадида жамоатчилик вакиллари, имом-хатиблар ва отинойилар мураббий сифатида бириктирилиб, “Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни”, “Жаҳолатга қарши маърифат билан”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Диний экстремизм ва терроризм тараққиёт душмани”, “Мен ёт ғояларга қаршиман” мавзуларида тарғибот тадбирлари туман бўйлаб мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
***
Фориш тумани “Хонбанди” маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий ҳимоя реестрида турган оилалар учун “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури доирасида 3 гектар ерда янги боғ ташкил этилмоқда.
Ушбу боғда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳашар ташкил этилиб, кўчат экиш ишлари амалга оширилди.
Кузги кўчат экиш ишларида туман ҳокими Икром Матиев бошчилигида туман секторлари, барча корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда Хонбанди маҳала аҳолиси иштирок этди.
Кўчатлар томчилатиб, яъни сув тежамкор технология асосида суғорилиши йўлга қўйилди. Белгиланган барча ишлар якунлангач, фойдаланиш учун ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга бўлиб берилади.
***
Жиззах вилоят ИИБ эксперт-криминалистика маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчиларига маҳорат дарслари ўтилди.
Машғулотда мутахассислар ўқувчи ёшларга эксперт-криминалистика маркази имкониятлари, совуқ қуроллар экспертизаси, яъни фуқаролардан олинган совуқ қурол ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган буюмлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисидаги” қонуни ҳамда Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
***
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти томонидан Зомин туманида ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда Зомин, Зарбдор, Янгиобод туманларидаги тадбиркорлар, ҳоким ёрдамчилари, тижорат банклари масъуллари иштирок этди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган ушбу семинарда иштирокчиларга компаниянинг хизмат турлари ҳақида батафсил маълумотлар, зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири