Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида ёшларнинг фаоллигини оширишга қаратилган “Сайлов ва ёшлар” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоят сайлов комиссиясининг тренерлари томонидан иштирокчиларга сайлов қонунчилиги ҳамда сайловларда ёшларнинг фаол иштироки учун ҳуқуқий билим, тушунча ва кўникмалар берилди.
***
Арнасой тумани ёшлари ўртасида “Сайлов ва ёшлар” тарғибот лойиҳаси доирасида ўтган тадбир давомида концерт дастури намойиш этилиб, бир қатор спорт турлари бўйича беллашувлар ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинлари бўлиб ўтди.
Мазкур тарғибот лойиҳалари якунида Арнасой тумани маданият марказида Жиззах вилояти филармонияси хонанда ва созандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга манзур бўлди.
Ушбу тарғибот лойиҳалари орқали ёшларга сайлов қонунчилигидаги ислоҳотларни тушунтириш, сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишга жалб қилиш ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш кўзда тутилган.
***
Зомин туманида 2024- 2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уни беталафот ўтказиш, энергетика ҳамда газ тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли, ташкилот ва муассасалар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида электр энергияси ва газ ресурсларини етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш ва тарғибот ишлари давом этмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳи томонидан тумандаги ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйлар ҳамда аҳоли хонадонларида куз-қиш мавсумида кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида ўрганишлар олиб борилиб, аниқланган камчилик ва муаммолар ишчи гуруҳ аъзолари кўрсатмаси асосида мутахассислар томонидан бартараф этилмоқда.
***
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан тасдиқланган қўшма режага асосан Янгиобод туманидаги 1-умумтаълим мактабида ўқувчи -ёшлар билан боғлиқ бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, улар ўртасида ҳаракат хавфсизлиги бўйича кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Туман ИИБ, Миллий гвардия ва мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, ёш тарғиботчилар клублари фаолиятини жонлантириш, викторина ва мусобақалар ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
[gallery-19863]
***
Жиззах вилояти прокурори Б.Иброҳимов бошчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарларининг биргаликдаги навбатдаги оммавий cайёр қабули Зомин туманида бўлиб ўтди.
Оммавий қабулда жами 122 та ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг ижтимоий ҳимоя ва суд-ҳуқуқ масалаларига оид 85 таси жойида ҳал этилган бўлса, ўрганиш ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар вилоят прокурори томонидан назоратга олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири